Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия президенти Александр Вучич қўшма бизнес форумида иштирок этди.
Тадбирда икки мамлакатнинг 200 нафардан зиёд расмий ва ишбилармон доира вакиллари, етакчи саноат ва савдо корхоналари раҳбарлари, хусусан, Сербиянинг “Галеника”, AbelaPharm, Gosa FOM, YUMCO, Luss Textile каби компаниялари қатнашди.
Давлат раҳбари ўз нутқида самарали ўтган олий даражадаги музокаралар икки томонлама алоқаларда янги саҳифа очганини таъкидлади. Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилгани асосий натижа бўлди.
Ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳисобига ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича марра белгиланган. Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида 2026–2028-йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Ўзбекистон президенти иқтисодий шерикликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди. Тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари, автомобил ва саноат бутловчи қисмларини биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, фармацевтика препаратларини маҳаллийлаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.
Мамлакат етакчиси Сербия бизнеси учун Ўзбекистонда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратишга ҳамда ҳар бир қўшма лойиҳани амалга оширишда амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Якунда қатор икки томонлама иқтисодий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.








