Белграддаги Сербия саройида 8 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Сербия президенти Александр Вучич ушбу мамлакатга расмий ташрифини амалга ошираётган Шавкат Мирзиёевни қарши олди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Сербия давлат мадҳиялари янгради, артиллерия тўпларидан 10 марта ўқ узилиб, тантанали салют берилди.
Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади. Биргаликда суратга тушилгандан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.
Тантанали кутиб олиш маросимидан лавҳалар
Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни рафиқаси ҳамроҳлигида расмий ташриф билан Белград шаҳрига борганди. Сербия ҳаво ҳудудида Ўзбекистон етакчисининг самолётига мезбон мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи учоқлари ҳамроҳлик қилди. Никола Tesla номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонларни Сербия президенти Александр Вучич ва унинг рафиқаси кутиб олди.
Шу куни Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга Белград шаҳрида давлат раҳбарининг Сербияга ташрифи муносабати билан ташкил этилган расмий қабул маросимида иштирок этди.
Белград шаҳрига ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ҳамда икки мамлакат расмийлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес форуми ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистон–Сербия кўп қиррали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Саммит якунлари бўйича салмоқли ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.








