Ўзбекистонда “Ҳар хил вазифалар – ягона ваколат” тамойили асосида 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб ППХ ва ЙПХ ходимларига янги ваколатлар берилади.
Президентнинг 4 сентябрь куни қабул қилинган “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланишича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир қуйидаги айрим функция ва ваколатлар ички ишлар органларининг патрул-пост ҳамда қўриқлаш хизматларига ҳам берилади:
- йўналишдаги чорраҳалар, бозорлар, йирик савдо мажмуалари, таълим муассасалари атрофлари ҳамда марказий кўчаларида юзага келадиган тирбандликларни бартараф этиш;
- йўлларда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга дарҳол муносабат билдириш, уларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш.
- кўча ва жамоат жойларида содир этиладиган жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш, уларни содир этаётган шахсларни таъқиб қилиш, ушлаш ҳамда ички ишлар органларига олиб бориш;
- белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш ҳамда жамоат жойида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш.
Кўриб чиқиш ваколати доирасидаги биринчи маротаба содир этилаётган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича маъмурий огоҳлантириш жазосини қўллаш, шунингдек, туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарларининг ваколатидаги 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга бўлади.
Бу ўзгаришлар Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишгани маълум қилинганди.








