Жиззах вилояти Фориш туманида ҳайдовчидан 100 минг сўм пора олган патрул-пост хизмати инспектори жаримага тортилди. “Дарё” суд ҳужжатлари билан танишди.
Маълум бўлишича, 2005 йилда туғилган Б.X. 2025 йил 21 апрелда Жиззах вилояти ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг патрул-пост хизмати батальони 2-отряди патрул-пост хизмати инспектори лавозимига ишга қабул қилинган. 13 декабрь куни соат 19:00 лар атрофида Жиззах шаҳридаги ўзига бириктирилган “Эски шаҳар буюм бозори” ҳудуди олдида хизмат олиб бораётган вақтида Жиззах—Пахтакор йўналишида қатновчи Changan русумли микроавтобус тўхташ тақиқланган жойда тўхтаганини кўриб, ҳайдовчининг ҳужжатларини текширган.
Шунда Б.X. йўл белгиси талабини бузгани учун маъмурий баённома расмийлаштирилиши, транспорт воситаси эвакуатор орқали жарима майдончасига олиб кетилиши ва бунинг натижасида 1 млн сўмдан ортиқ жарима ҳамда қўшимча харажатлар юзага келишини билдирган. Ҳайдовчи эса автомобилни кредитга олгани, оила тебратишини билдириб, бир сафар кечиришни сўраган. Инспектор бунинг учун ундан дастлаб 1 миллион сўм сўраган, бироқ кейинчалик 100 минг сўмга келишган. Шундан сўнг ҳайдовчи инспектор юборган банк картасига сўралган маблағни ўтказиб берган.
Ҳайдовчи шу куннинг ўзида ҳолат юзасидан ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган. Унинг мурожаатига асосан хизмат текшируви ўтказилиб Б.X. ишдан бўшатилган.
Жиноят ишлари бўйича Фориш тумани суди ҳукми билан Б.X. Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 20,6 миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган. Бундан ташқари, 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни ички ишлар органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Аввалроқ Навоий вилоятида ҳайдовчидан олинган 400 минг сўм эвазига қоидабузарликни расмийлаштирмасликка уринган йўл-патрул хизмати инспекторининг 3 йил муддатга озодлиги чеклангани хабар қилинганди.








