АҚШ президенти Дональд Трамп 2026-йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати финали бўлиб ўтган стадионни тарк этганидан бир неча сония ўтиб, Эронни бомбардимон қилишни буюрди. Янги буйруқ ҳақида АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) хабар берди.
Эронга қарши янги — тўққизинчи зарбалар тўлқини Тошкент вақти билан соат 04:00 да бошланган. Мамлакатнинг бир нечта шаҳрида — Табриз, Чобаҳор, Конарак ва Бандар-Имом Хомайнийда портлашлар эшитилган. Айнан қайси объектлар ўққа тутилгани ҳозирча маълум эмас. Эроннинг ушбу тўрт шаҳри турли ихтисосликка эга стратегик, иқтисодий ва тарихий марказлар ҳисобланади.
“Бу зарбалар Эроннинг Ҳормуз бўғози орқали ўтаётган тижорат кемалари ва фуқаролик денгизчиларига ҳужум қилиш учун фойдаланадиган ҳарбий салоҳиятини заифлаштиришда давом эттиради”, дейилади CENTCOM хабарида.
Ҳужум фонида Brent маркали нефть нархи бир баррел учун 90 доллардан ошиб кетган, бу июнь ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Ўз навбатида, АҚШнинг Баҳрайндаги элчихонаси барча Америка фуқароларига эҳтиёткор бўлиш ва маҳаллий ҳокимият тавсияларига амал қилиш бўйича кўрсатма берди.
CENTCOM, шунингдек, Иорданиядаги ҳужум оқибатида шу вақтгача бедарак йўқолган деб ҳисобланган учинчи америкалик ҳарбий хизматчининг жасади топилганини маълум қилди. Унинг шахси ҳали аниқланмаган. Эрон АҚШ ҳужумларига жавобан 17 июль куни Иорданияга зарба берганди, ўшанда икки нафар ҳарбий ҳалок бўлган, бири эса бедарак йўқолганди.
“Бу кеча уларга яна жуда қаттиқ зарба бердик. Биз буни уч нафар буюк ватанпарвар шарафига қилдик”, деди Трамп Жаҳон чемпионати финалидан сўнг Вашингтонга қайтар экан.
Уруш бошлангандан буён ҳалок бўлган америкалик ҳарбийлар сони 16 нафарга етди, 420 дан ортиғи эса жароҳатланган.
Эрон ракеталари нишонларга зарба беришда АҚШнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини четлаб ўтмоқда. Хусусан, Теҳрон ҳужум пайтида юқори тезликда учадиган ва ерга яқинлашганда манёвр қилиш хусусиятига эга ракеталардан фойдаланмоқда.
Эрон армияси 19 июль куни эрталаб Кувайтдаги Америка ҳарбий активлари ва техникаларига дронлар билан зарба берди. Ҳужум оқибатида “Ал-Адири” лагери ва “Али Ас-Салем” авиабазаси нишонга олинди. Ушбу базалар ўтган ҳафтадан буён Эроннинг Форс кўрфазидаги АҚШ активлари ҳамда иттифоқчиларига қарши ҳужумлари доирасида ўққа тутилмоқда.








