АҚШ президенти Дональд Трамп музокарачиларга Эрон билан “келишувга эришишга шошилмасликни” буюрди. Ваҳоланки, у мазкур баёнотидан бир оз аввал келишувга яқин қолганини таъкидлаганди.
Маълумотларга кўра, муҳокама қилинаётган келишув ўт очишни тўхтатиш режимини 60 кунга узайтириш, Ҳормуз бўғозини қайта очиш ва Эроннинг ядровий дастури бўйича кейинги музокаралар режасини ўз ичига олади.
Трамп ижтимоий тармоқдаги постида “конструктив” музокаралар давом этаётганини, бироқ “ҳар икки томон ҳам шошилмаслиги ва буни тўғри амалга ошириши кераклигини” айтди. У 23 май куни келишувнинг асосий бандлари муҳокама қилинганини таъкидлаган.
Эрон расмийлари ҳам дам олиш кунлари шунга ўхшаш сигналларни берди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий эса икки томон келишувга эришишга “жуда яқин ва жуда узоқ” эканини айтди. Муҳокама қилинаётган келишув якуний ечим эмас. У санкцияларни юмшатиш, музлатилган маблағларни қайтариш ва ядровий дастурни чеклаш каби мураккаб масалаларни кейинроқ муҳокама қилишни назарда тутади.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга авиазарбалар бериб, Яқин Шарқда можарони келтириб чиқарди. Эрон бунга жавобан Исроил ва АҚШнинг Форс кўрфазидаги иттифоқчи давлатларига ҳужум қилди, дунёдаги нефть ва суюлтирилган газнинг тахминан 20 фоизи ўтадиган Ҳормузни амалда ёпиб қўйди. Бу ҳаракат глобал миқёсда нефть нархларининг кескин ошишига олиб келди.
Апрель ойи бошида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилганидан кўп ўтмай, АҚШ Эрон портларини блокада қилди. Трамп блокада “келишувга эришилмагунча, тасдиқланмагунча ва имзоланмагунча тўлиқ кучда қолиши”ни айтганди.








