АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши урушда “ёрдам бермаган” давлатларни санаб ўтди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
“Япония бизга ёрдам бермади, Австралия, Жанубий Корея бизга ёрдам бермади, НАТОга келадиган бўлса, у ҳам бизга ёрдам бермади”, деди Трамп Оқ уйдаги матбуот анжуманида.
У АҚШнинг бу давлатларга кўрсатган ёрдамини ҳам эслатиб ўтди.
“Бизнинг Шимолий Кореядан ҳимоя қилиш учун Японияда 50 минг аскаримиз бор; Ким Чен Индан ҳимоя қилиш учун Жанубий Кореяда 45 минг аскаримиз бор”, деди у.
Шу билан бирга, Трамп Форс кўрфази давлатларининг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва уларнинг фаоллигини можарога яқин ҳудудда жойлашгани билан изоҳлади:
“Саудия Арабистони, Қатар, БАА аъло даражада ҳаракат қилди. Баҳрайн, Кувайт ҳам”, деди у.
АҚШ президенти 37 кун ичида Эрондаги 13 мингдан ортиқ нишонга зарбалар берилганини айтди. Уруш вазирлиги раҳбари Пит Хегсет эса агар Эрон сулҳга рози бўлмаса, 8 апрель куни уруш бошланганидан бери энг йирик зарба берилишини таъкидлади.
Трамп ва Хегсетнинг баёнотлари Эронни стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳормуз бўғозини қайта очиш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш доирасида янгради. АҚШнинг сулҳ учун берган сўнгги муддати 7 апрель куни 20:00 да (Тошкент вақти билан 8 апрель соат 05:00) тугайди.








