Ўзбекистон ва Грузия муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 3 июль куни бўлиб ўтган музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.
Шунингдек, делегациялар раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Жумладан:
- божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро маъмурий ёрдам тўғрисида битим;
- ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
- касбий ва олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ўзбекистон ҳукумати ва Грузия Ҳукумати ўртасида 2026-2027-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Грузия Маданият вазирлиги ўртасида 2027-2030-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Грузия Молия вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
- “E-Permit” рухсатномалар алмашинуви ахборот тизимини жорий этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
- радиациявий ҳимоя ва ядровий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик ҳамда ахборот алмашиш тўғрисида меморандум;
- меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
- туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан Грузия Адлия вазирлигининг Мажбурий ижро бюроси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзоланди.
Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи
Ўзбекистон президенти давлат ташрифи билан Грузия пойтахти Тбилисига 2 июль куни келганди. Давлат раҳбари Орбелиани саройида тантанали кутиб олинди. У ерда Шавкат Мирзиёев Грузия президенти Михаил Кавелашвили билан музокаралар ўтказди. Тадбирлар доирасида Шавкат Мирзиёевни Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирланди.
3 июль куни Тбилисидаги Қаҳрамонлар майдонига ташриф буюриб, Грузия бирлиги учун ҳалок бўлган қаҳрамонлар ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Шу куни Шавкат Мирзиёев ва Ираклий Кобахидзе тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказди. Унда Ўзбекистоннинг Грузиядаги элчихонасини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга 20 йилдан ортиқ даврда биринчи марта амалга ошираётган давлат ташрифи бўлди.








