Шавкат Мирзиёев Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзенинг таклифига биноан 2 июль куни давлат ташрифи билан Тбилиси шаҳрига жўнаб кетди.
Аввал хабар қилинганидек, Грузия пойтахтида олий даражадаги икки томонлама музокаралар ўтказилади. Ўзбекистон – Грузия дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлади. Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб мавзулар юзасидан ҳам фикр алмашади. Саммит якунлари бўйича ҳамкорликнинг турли йўналишларини қамраб оладиган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш режалаштирилган.
Ташриф дастурида маданий-гуманитар тадбирларда иштирок этиш ҳам кўзда тутилган.
Ўзбекистон—Грузия муносабатлари

Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1994 йил 19 август куни ўрнатилган. Шундан буён икки томонлама сиёсий мулоқот изчил ривожланиб келмоқда. 1995 йил сентябрида ўзаро муносабатларнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.
2025 йил 5 март куни Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга расмий ташриф билан келганди. Президент билан учрашувда савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, туризм ва маданият соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилганди.
Икки мамлакат ўртасида эркин савдо режими амал қилади. Бу эса товар айирбошлаш ҳажмининг муттасил ўсишига хизмат қилмоқда. Сўнгги 5 йил ичида товар айирбошлаш ҳажми икки ярим бараварга ошди, қўшма корхоналар сони ва юк айланмаси кўпайди. Мамлакатда грузиялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк фаолият юритмоқда.








