Daryo

БАА Эронга қарши яширинча авиазарбалар берди — WSJ

Яқин Шарқдаги можаро давомида Эрон асосий зарбаларни БААга йўналтириб, мамлакатга 2800 дан ортиқ ракета ва дрон учирган эди. Бу Исроилга қилинган ҳужумлардан ҳам кўпроқ экани айтилмоқда.

2 дақиқа ўқиш7 159 кўришлар0 изоҳ2

БАА апрель ойида Эронга қарши яширин ҳарбий зарбалар берди. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, The Wall Street Journal хабар берди.

БАА армияси Ғарбда ишлаб чиқарилган қирувчи самолётлар ва кузатув тизимлари билан жиҳозланган. Амалга оширилган бу ҳужумлар шуни кўрсатадики, амирликлар эндиликда Яқин Шарқдаги иқтисодий қудрати ва таъсирини ҳимоя қилиш учун ҳарбий куч ишлатишга қодир.

“Эронга қарши ҳужумларда нишонга олинган объектлар қаторида Лаван оролидаги нефтьни қайта ишлаш заводи ҳам бор”, деди масаладан хабардор манбалар.

Ҳужум апрель ойи бошида, АҚШ президент Дональд Трамп беш ҳафталик ҳаво ҳужумларидан сўнг ўт очишни тўхтатишни эълон қилган пайтда амалга оширилган. Зарба оқибатида заводда йирик ёнғин юзага келган ва объектнинг ишлаб чиқариш қуввати бир неча ойга ишдан чиққан.

Ўша пайтда Эрон завод душман ҳужумига учраганини маълум қилган ва бунга жавобан БАА ҳамда Kувайтга ракета ва дронлар билан зарба берганди.

“АҚШ ҳужумга норозилик билдирмади ва бундан хафа бўлмади, чунки ўт очишни тўхтатиш ҳали тўлиқ кучга кирмаган эди. У БАА ва урушга қўшилмоқчи бўлган бошқа Форс кўрфази давлатларининг иштирокини жимгина олқишлади”, деди манбалардан бири.

БАА Ташқи ишлар вазирлиги ва Пентагон ҳужумлар юзасидан изоҳ беришдан бош тортди. Амирликлар мамлакатнинг ҳужумларга ҳарбий йўл билан жавоб қайтариш ҳуқуқига эга эканини эслатди.

“Форс кўрфазидаги араб давлати Эронга бевосита зарба бериши муҳим аҳамиятга эга. Эндиликда Теҳрон БАА ва урушни тўхтатишда воситачилик қилишга уринаётган бошқа кўрфаз давлатлари ўртасида низоларни кучайтиришга интилади”, деди Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи Дина Исфандиёрий.

Кўрфаз давлатлари аввалроқ ўз ҳаво ҳудуди ёки базаларидан ҳужумлар учун фойдаланишга рухсат бермаслигини билдирган эди. Бироқ уруш бошланганидан кейин Эрон минтақадаги АҚШ базалари ва бошқа объектларни нишонга олди.

Эрон асосий зарбаларини БААга йўналтириб, мамлакатга 2800 дан ортиқ ракета ва дрон учирди. Бу бошқа ҳар қандай давлатга, жумладан Исроилга уюштирилган ҳужумлардан ҳам кўпроқ экани таъкидланган.

Кўрфаз расмийларига кўра, ушбу ҳужумлар БААнинг ҳаво қатнови, туризм ва кўчмас мулк бозорига жиддий зарар етказиб, мажбурий таътил ва ишдан бўшатишлар тўлқинига сабаб бўлган.

“Эндиликда БАА Эронни хорижий истеъдодлар, хавфсизлик ва барқарорликка таянган иқтисодий-ижтимоий моделга путур етказувчи бузғунчи куч сифатида кўрмоқда”, дейилади хабарда.

Манбаларга кўра, айнан шу ҳужумлардан кейин БАА Форс кўрфазидаги энг очиқ ва муросасиз позициядаги давлатлардан бирига айланган ҳамда уруш давомида АҚШ билан яқин ҳарбий ҳамкорликни сақлаб қолган.

“Амирликлар бу урушни хоҳламасликларини бошиданоқ маълум қилганди. Аммо Эроннинг БААга йўллаган биринчи зарбаларидан сўнг Абу Даби минтақавий манзара кескин ўзгарганини кўраётганини очиқ-ойдин билдирди”, деди Лондондаги Мудофаа ва Хавфсизлик тадқиқотлари институтининг катта илмий ходими X.А. Хеллиер.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар