Daryo

Яқин Шарқда вазият яна кескинлашди: БАА порти ва АҚШ кемаларига ҳужум қилинди

Ҳужумни Эрон уюштиргани қайд этилди. БААда хавф ҳақида огоҳлантириш берилди.

2 дақиқа ўқиш7 615 кўришлар0 изоҳ6

Яқин Шарқда Эрон атрофидаги уруш доирасида ҳарбий ҳаракатлар яна авж олди. Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) стратегик муҳим Фужайра нефть порти ва бир нечта АҚШ кемаларига зарбалар берилди. Бу воқеалар АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳга рахна солмоқда, дея хабар берди The Wall Street Journal.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари адмирал Бред Купернинг маълум қилишича, Эрон АҚШ ҳарбий кемалари ва савдо кемаларига қарата қанотли ракеталар ва кўплаб дронлар учирган. Бу ҳужумлар АҚШ кемаларнинг Ҳормуз бўғози орқали ўтишига ёрдам беришни бошлаган вақтда содир бўлди. Денгизчилар танкерга дрон келиб урилганини ва осмонда ҳарбий самолётлар учганини айтди.

БААда огоҳлантириш эълон қилинди

Эронга нисбатан қатъий чоралар кўришни ёқлаб келаётган БАА хавф ҳақида огоҳлантириш берди. Мамлакат расмийлари ҳудудга бир қанча ракета ва дронлар ҳужум қилганини билдирди. Тасдиқланган маълумотларга кўра, дрон ҳужуми оқибатида Фужайра нефть марказида ёнғин чиққан. БАА ушбу портдан Ҳормуз бўғозидаги Эрон назоратини четлаб ўтиб, нефть маҳсулотларини ташишда фойдаланади.

БАА Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан баёнот бериб, Эроннинг янги ҳужумларини “хавфли эскалация” ва “қабул қилиб бўлмас тажовуз” деб баҳолади. Вазирлик агрессияга жавоб бериш ҳуқуқи борлигини билдирди.

“Биз ҳеч қандай ҳолатда хавфсизлигимиз ва суверенитетимизни ҳимоя қилишда ён бермаймиз. Ҳужумларга тўлиқ ва қонуний жавоб бериш ҳуқуқимиз бор”, дейилади вазирлик хабарида.

Ҳормуз бўғози яқинида учта кема ҳужумга учради

Британиянинг денгиз савдо операциялари маркази 4 май куни Ҳормуз бўғози яқинида учта кема алоҳида ҳужумларга учраганини маълум қилди. Таъкидланишича, биринчи ҳодисада Фужайра шаҳридан 78 денгиз мили шимолда танкерга номаълум снаряд келиб урилди. Экипаж аъзолари соғ-саломат, атроф-муҳитга зарар етмаган.

Иккинчи воқеада Дубайдан 36 денгиз мили шимолда юк кемасининг двигатель хонасида ёнғин чиқди. Ёнғин сабаби ҳозирча номаълум. Экипаж хавфсиз жойда.

Учинчи ҳолатда БААнинг Мина Сақр портидан 14 денгиз мили ғарбда яна бир кема ёниб кетди. Яқин атрофдаги кемаларга масофа сақлаш тавсия этилди. Ёнғин сабаби ҳали тасдиқланмади.

Ислон Инқилоби қўриқчилари корпуси белгиланган қоидаларга амал қилмаган ҳар қандай денгиз ҳаракати тўхтатилишини ва қоидабузар кемалар мажбуран ушлаб қолинишини маълум қилганди.

Парвозлар йўналиши ўзгартирилмоқда

Бу ҳужумлар ортидан Дубайга учаётган кўплаб самолётлар Уммон пойтахти Мускат шаҳрига йўналтирилди. Яқин Шарқдаги уруш апрель ойидаги сулҳгача авиация қатновига катта зарар етказганди.

Osprey Flight Solutions хавфсизлик фирмаси маълумотларига кўра, 28 февралда уруш бошланганидан бери етти мамлакатдаги камида тўққизта фуқаролик аэропорти, жумладан, БАА ва Кувайтдаги аэропортлар ҳужумлардан зарар кўрган.

CENTCOM раҳбари адмирал Купернинг айтишича, ҳозирда Ҳормуз бўғозидан ўтиш учун яна бошқа кемалар йўлга чиққан. АҚШ ҳарбийлари аллақачон иккита савдо кемасини сув йўли орқали муваффақиятли олиб ўтган. Купер бўғоздан ўтишни яна 87 та давлат кутаётганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, худди шу куни Эрон Ҳормузга кирмоқчи бўлган АҚШ кемасига иккита ракета учиргани ҳақида хабар берганди. Эрон ҳарбий-денгиз кучлари буни “Америка-сионистик” кемасига қаратилган ҳужум дея таъкидлади. 

Фарс ахборот агентлигининг ёзишича, АҚШ ҳарбий кемаси Эрон огоҳлантиришларига эътибор бермаган. Шундан сўнг Уммон кўрфазидаги Жаск шаҳри яқинида ушбу кемага иккита ракета зарба берган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар