БАА уруш вақтида араб давлатларига мурожаат қилиб, Эрон ҳужумларига биргаликда жавоб қайтаришни таклиф қилган, бироқ рад жавобини олган. Бу ҳақда манбаларга таяниб Bloomberg хабар берди.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари ҳамда Теҳроннинг бунга жавобан араб давлатларидаги объектларга ҳужум қилганидан сўнг БАА президенти Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаён бир қатор араб етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилган. Жумладан, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан ҳам суҳбат ўтказилган.
Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаён 1981 йилда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши тузилгани ва у Эрондан келаётган таҳдидлар сабаб ташкил этилганини эслатган. БАА президентининг араб давлатларидаги ҳамкасблари бу можаро уларнинг уруши эмаслигини билдирган.
“Бу жавоб Абу Даби ва Ар Риёд ўртасидаги муносабатларнинг янада совуқлашишига сабаб бўлди”, дейилади хабарда.
Манбаларга кўра, Саудия Арабистони билан яқин сиёсат юритувчи Баҳрайн ва Кувайт ҳам ҳарбий ҳаракатлардан четда қолишни афзал кўрган. Уммоннинг Эрон билан алоқалари ҳисобга олинса, унинг жавоб зарбаларини қўллаб-қувватлаш эҳтимоли бошиданоқ паст бўлган.
Форс кўрфази давлатларидан бирининг вакилига кўра, Қатар 18 март куни Рас-Лаффон саноат марказидаги Qatar Energy объектлари ҳужумга учрагач, Эронга жавоб қайтариш масаласини кўриб чиққан. Бироқ Доҳа бу режадан воз кечиб, можарони юмшатишга эътибор қаратган.
“БААнинг Форс кўрфазидаги давлатлар билан музокараларидан АҚШ президенти маъмурияти хабардор бўлган. Шунингдек, Саудия Арабистони ва Қатарнинг мувофиқлаштирилган ҳарбий ҳужумга қўшилишини қўллаб-қувватлаган”, дейилади хабарда.
БАА, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Кувайт ва Уммон вакиллари бу маълумотларга изоҳ бермади. The Wall Street Journal 12 май куни БАА Эронга сулҳ даврида яширинча зарбалар берганини маълум қилди. Абу Даби очиқчасига тан олмаган зарбалар қаторида апрель ойида Эроннинг Лаван оролидаги нефтьни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужум ҳам бор.
Bloomberg манбаларининг таъкидлашича, БАА ҳарбий ҳаракатларини Исроил билан мувофиқлаштирган. Саудия Арабистони ҳам Эронга яширинча зарбалар бергани маʻлум қилинган. Бундан ташқари, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху уруш пайтида БААга боргани ва Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаён билан учрашгани очиқланган.








