Бирлашган Араб Амирликлари ўз фуқароларига “ҳозирги минтақавий воқеалар фонида” Эрон, Ироқ ва Ливанга саёҳат қилишни тақиқлади. Бу ҳақда Амирликлар Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Ушбу мамлакатларда бўлиб турган Амирликлар фуқароларига зудлик билан уларни тарк этиш ва ватанига қайтиш тавсия этилди.
“Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларининг фаровонлигини назорат қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўзи томонидан чиқариладиган барча йўриқномалар ва тавсияларга риоя этиш муҳимлигини таъкидлайди”, дейилади вазирлик хабарида.
АҚШ ва Исроилнинг 28 февраль куни Эронга қарши ҳарбий операцияси бошлангачб бир қатор давлатлар, жумладан, Ислом республикасининг ўзи ҳам ҳаво ҳудудини ёпишга қарор қилди.
26 апрель куни Axios нашри икки нафар исроиллик ва бир нафар америкалик амалдорга таяниб Исроил Эрон билан уруш бошида БААга “Темир гумбаз” ҳаво мудофаа тизимини ва унга хизмат кўрсатувчи ҳарбийлар юборганини хабар қилди. Уруш бошланганидан бери БАА минтақадаги бошқа давлатларга қараганда Эрон ҳужумларига кўпроқ учради. Мамлакатга қарийб 550 та баллистик ва қанотли ракета ҳамда 2 200 дан ортиқ дрон учирилди.
АҚШ Давлат департаментининг консуллик бўлими 4 мартдан бери фуқароларни хавфсизликка жиддий таҳдидлар сабаб Яқин Шарқдаги бир қатор давлатларни зудлик билан тарк этишга чақирмоқда. Рўйхатга 10 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудлар киритилган: Исроил, Эрон, Ироқ, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Миср, Иордания, Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Ливан, Сурия, Яман, шунингдек, Иордания дарёсининг Ғарбий соҳили ва Ғазо сектори.








