Тошкентда Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг 70 дан ортиқ компаниялари иштирокида ўтказилган бизнес-форумда геология соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилишича, Геология вазирлиги Улан Батордаги ваколатхонаси орқали конларни ўзлаштириш бўйича амалий ишларни бошлаган.
Форум делегацияларига Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов, Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дадандху Батбаатар ҳамда Мўғулистон парламенти депутати Сухбаатар Эрденебат раҳбарлик қилган. Томонлар 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг Мўғулистонга экспорти 15,6 фоизга ошганини қайд этиб, ўзаро савдо ҳажмини 100 миллион долларга етказиш ниятини билдирган.
Мулоқотларда саноат кооперациясини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Мўғулистоннинг жун ва кашмир маҳсулотларини Ўзбекистонда қайта ишлаш ҳамда экспорт қилиш бўйича лойиҳалар муҳокама қилинган. Агросаноат йўналишида эса 2029 йилгача Ўзбекистондаги мўғул қўйлари сонини 1 миллион бошга етказиш, шунингдек, Мўғулистонда Ўзбекистон суғориш тизимларини жорий этиш режалаштирилган.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой–Мўғулистон транспорт коридори орқали юк ташувларини йўлга қўйиш истиқболларини кўриб чиққан. Форум доирасида Suzur Health Меd, Prime Nomadis Meat, Tsamkhag Construction ва бошқа компаниялар ўртасида B2B ҳамда G2B учрашувлари ўтказилиб, янги инвестиция лойиҳаларига асос солинган. Якунда қўшма ташаббусларни доимий қўллаб-қувватлаш механизмини яратиш бўйича келишувга эришилган.
“Навоийуран” ва Uzbek Overseas Geology Company делегацияси 2026 йил март ойи бошида Мўғулистонга амалий ташриф билан бориб, Моn Atom давлат компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказганди. Учрашувда томонлар 2026 йилда Мўғулистондаги истиқболли уран конларида геология-қидирув ишларини олиб бориш масалаларини муҳокама қилган.








