Хитой шимолидаги Шанси провинциясидаги кўмир конида газ портлаши оқибатида камида 90 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб, CCTV хабар бермоқда.
Бахтсиз ҳодиса 22 май куни соат 19:29 да мамлакат шимолидаги “Люшенюй” кўмир конида юз берган. Воқеа содир бўлган вақтда сменада 247 нафар ишчи бўлган.
“Тонгга яқин қутқарувчилар 201 кишини ер остидан олиб чиқишди. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Sinxua агентлигининг хабар беришича, ХХР раиси Си Цзиньпин конда қолаётганларни қутқариш учун барча чораларни кўришга чақирган. У ҳодисани тергов қилишни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилган.
Шанси – Хитойнинг асосий кўмир қазиб олиш маркази ҳисобланади. Ҳудуд маҳаллий тоғ-кон саноати хавфсизлик даражасининг пастлиги билан танилган. Сўнгги йилларда ушбу провинцияда шунга ўхшаш минглаб бахтсиз ҳодисалар содир бўлган.
Май ойи бошида Хитойнинг Лиуянг шаҳридаги Ҳуашенг Фиреwоркс пиротехника заводида юз берган портлаш оқибатида 26 киши ҳалок бўлганди, 61 киши жароҳатланганди. Портлаш сабабли заводдан 3 километр радиусда яшовчи одамлар эвакуация қилинган. Қутқарув ишларига 1 500 дан ортиқ фавқулодда хизмат ходимлари, хизмат итлари, дронлар ва роботлар жалб этилган. Улар вайроналар остида қолиб кетган етти кишини қутқарганди.








