Daryo

Япониядан икки ўзбекистонлик депортация қилинди

Улардан бири “талаба” визаси билан борган, бироқ ўқишдан четлатилгач, мамлакатда ноқонуний равишда қолгани учун ҳибсга олинган. Иккинчиси қисқа муддатли виза билан Японияга бориб, муддати тугаганидан кейин ҳам чиқиб кетмаган.

1 дақиқа ўқиш3 405 кўришлар0 изоҳ1

Япония иммиграция хизматлари агентлиги ушбу давлатда ноқонуний равишда яшаб турган Ўзбекистоннинг икки фуқаросини 24 апрель куни чиқариб юборди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.

Фуқаролардан бири Японияга “талаба” визаси билан кирган, аммо кейинчалик ўқишдан ҳайдалганига қарамай, мамлакатда ноқонуний равишда қолиб кетган ва расмийлар томонидан ҳибсга олинган. Яна бир фуқаро қисқа муддатли виза билан Японияга кириб, рухсат берилган қолиш муддати тугашига қарамай мамлакатдан чиқиб кетмаган.

Элчихона “туризм”, “яқинларни кўриш”, “бизнес (конференция, маданий алмашинув каби)” мақсадидаги қисқа муддатли виза билан Японияда ишлаш қатъиян ман этилишини, бундай визалар билан кириб, узоқ муддат қолиш мумкин ёки ишлаш мумкин деган чақирувлар бутунлай ёлғонлигини билдирди.

“Ўзбекистонда қарз (кредит) олиб бўлса ҳам Японияга ўқишга борсангиз ва япон тилини ўргана олмай ўқишдан четлатилсангиз, Японияда яшаш мақомингиз бекор қилинади”, дейилади элчихона хабарида.

Агарда мамлакатда ноқонуний равишда яшаётган шахслар аниқланса, улар полиция томонидан ҳибсга олинади ва бундай шахсларга нисбатан иммиграция муассасасида ушлаб туриш ёки депортация қилиш каби қатъий чоралар кўрилади.

Элчихона Япония ҳукумати шу каби шахслар ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига маълумотларни бериб бораётгани сабабли, Ўзбекистонга қайтгандан кейин ҳам уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Март ойида Швецияда миграция қонунчилигини бузган 14 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинганди. Вақтинча сақланиш марказига жойлаштирилган фуқаролар икки давлат ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорлик натижасида чартер рейс орқали ватанга қайтарилган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар