АҚШ Ўзбекистонга депортация рейсини амалга ошириб, 11 март куни 72 нафар Ўзбекистон фуқаросини қайтарди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, депортация рейси Қўшма Штатларнинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари доирасидаги навбатдаги тадбирлардан бири бўлиб, қайтарилган фуқаролар АҚШда қолиш учун қонуний рухсатга эга бўлмаган шахслар бўлган.
Президент Трамп лавозимга киришганидан буён Қўшма Штатлар ноқонуний иммиграцияга чек қўйишга ҳамда ўз чегаралари ва фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган ўз мажбуриятлари доирасида 1000 дан зиёд Ўзбекистон фуқаросини депортация қилган.
“АҚШ ҳудудига ноқонуний кирган шахслар қамоқ жазосига тортилади ва мамлакатдан чиқариб юборилади. Қўшма Штатлар АҚШнинг депортация тадбирларини ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдиради”, дейилади элчихона хабарида.
2026 йил 21 январь куни АҚШда ноқонуний бўлиб турган 44 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилганди. Ўшанда АҚШдан репатриация қилинган фуқароларнинг умумий сони қарийб 700 нафарга етгани маълум қилинганди. Фуқаролар АҚШда боришда дуч келган қийинчиликлари ҳақида ҳам сўзлаб берганди.








