Япония Иммиграция хизматлари агентлиги Японияда ноқонуний равишда яшаб турган 2 нафар Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳар икки шахс ҳам “талаба” визаси билан Японияга бориб, виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда ноқонуний равишда қолган ва расмийлар томонидан ҳибсга олинган. Токио вакиллари “талаба” визаси пул топиш учун эмас, балки фақатгина ўқиш учун берилишини, агар ноқонуний яшаш ёки ноқонуний меҳнат қилиш ҳолатлари аниқланса, полиция томонидан ҳибсга олиш ва ушлаб туриш, иммиграция муассасаларида қамоққа олиш ёки депортация қилиш каби қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.
Япония ҳукумати қонунбузарлик қилган шахслар ҳақида маълумотни Ўзбекистон ҳукуматига ҳам тақдим этади. Шу сабабли, бундай шахсларга нисбатан Ўзбекистонга қайтганидан кейин ҳам тегишли чоралар кўрилиши мумкин. Илтимос, “Японияда ишлаш мумкин” каби таклифларга осонгина ишонмаслигингизни сўраймиз, дейилади хорижий дипломатик миссия баёнотида.
Шунингдек, элчихона ижтимоий тармоқларда сохта аризалар билан қочқинлик мақомини олиб, мамлакатда узоқ қолиш ёки ишлаш мумкинлиги ҳақида тарқалган нотўғри маълумотлардан огоҳлантирди. Ариза рад этилса, шахс иммиграция муассасасига жойлаштирилади ёки мажбурий чиқариб юборилади. Сохта маълумот бериш эса жиддий ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлади.
8 май куни Японияда ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаросини депортация қилгани ҳақида хабар қилинганди.
Апрель ойининг охирларида Япониядан икки ўзбекистонлик депортация қилинганди. Улардан бири “талаба” визаси билан борган, бироқ ўқишдан четлатилгач, мамлакатда ноқонуний равишда қолгани учун ҳибсга олинган. Иккинчиси қисқа муддатли виза билан Японияга бориб, муддати тугаганидан кейин ҳам чиқиб кетмаган.








