Эрон АҚШ ва Исроил ҳаво ҳужумларидан етказилган зарарни 270 миллиард долларга баҳоламоқда. Бу ҳақда ҳукумат расмий вакили Фотима Моҳажерани “РИА Новости”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Дастлабки ва хомаки рақамлар ҳозирги вақтгача етказилган зарар 270 миллиард доллар эканини кўрсатмоқда”, деди у.
Моҳажеранининг сўзларига кўра, ҳукуматнинг иқтисодий блоки аниқроқ миқдорни бир неча босқичдан иборат жараён орқали белгилайди. Улардан биринчиси — бевосита биноларга етказилган зарарни баҳолаш; иккинчиси — бюджет даромадларининг йўқотишлари ва саноат объектлари фаолиятининг тўхтатилиши оқибатлари ҳисобланади.
Таъкидланишича, АҚШ томонидан Эронга етказилган зарар учун товон тўлаш масаласи Эрон музокаралар гуруҳи шуғулланаётган мавзулардан биридир. Бу масала яқинда Исломободда бўлиб ўтган музокараларда ҳам ўртага ташланган.
“Биз албатта қонуний усуллар билан халқимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз, бу Миноб мактабида яқинларимизнинг тўкилган қони учун товон пули тўланишига ҳам тааллуқли”, деди Моҳажерани.
Исроил қанча зарар кўрди?
Эронга қарши уруш Исроил бюджетига тахминан 35 миллиард шекел (11,5 миллиард доллар)га тушди. Харажатларнинг асосий қисми, яъни тахминан 22 миллиард шекел Исроил мудофаа кучлари, Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик вазирлиги ва бошқа хавфсизлик идоралари учун ҳарбий сарф-харажатларга йўналтирилган.
Бу маблағ ҳарбий техника сотиб олиш ва захирадаги кучларни сафарбар этишга сарфланган. Молия вазирлиги ушбу сумма 2026 йилги давлат бюджети доирасида Мудофаа вазирлигига ажратилганини билдирди.








