Аввал ёзиб қўйилган қоидаларга кўра, нимчорак финал фаворитлари илк учрашувни сафарда ўтказишлари керак. Дастлабки босқичда кучли саккизталикка кирган жамоалар қоғозда фаворит ҳисобланишади ва уларга мана шундай кичик устунлик берилган. Бу босқичга қўшимча плей-офф ўйинлари орқали етиб келган жамоалар эса биринчи учрашувларга мезбонлик қилишди. Энди натижаларга қаранг – мезбонларда 5 ғалаба ва 1 мағлубият. Беш ғалабанинг тўрттаси йирик ҳисобда. Яъни гуруҳ баҳсларини муваффақиятли ўтказиб, кучли саккизликка кира олган жамоаларнинг 4 нафари йирик ҳисобда мағлубиятга учради ва кейинги босқичга чиқиш имкониятини жуда пасайтириб юборди.
Кеча инглиз жамоаларининг муваффақиятсиз стартига эътибор қаратгандик ва бу тенденция иккинчи кунда ҳам давом этди. Олти жамоада икки дуранг ва тўрт мағлубият. Уч мағлубият йирик ҳисобда. Айни пайтда АПЛ жамоалари ичида фақат “Арсенал” ва “Ливерпуль”да кейинги босқич учун реал имконият мавжуд. Шундаям иккиси жавоб ўйинида ғалаба қозониши керак бўлади.
Футболнинг ўзига хослиги ҳам шунда – “жўжалар баҳорда саналар экан”.
“БАЙЕР” — “АРСЕНАЛ” 1:1
Нимчорак финалга қуръа ташланиб, жамоалар иккита алоҳида йўлга бўлинганда, кучли жамоалар асосан чап томонда жойлашиб, “Арсенал” ва “Барселона” учун жуда қулай келгани айтилганди. “Барселона” ярим финалга чиқиши учун “Ньюкасл”, “Атлетико” ва “Тоттенҳэм”дан, “Арсенал” эса “Байер”, “Спортинг” ва “Будё-Глимт”дан икки нафарини мағлуб этса кифоя, яримфинал эшиклари очилади. Ҳар икки жамоа ҳам якунда қийин сафардан қониқарли натижа билан қайтган бўлса-да, ўйин борасида етарлича танқидларга учради. Ўйинлар сценарийси ҳам ўхшаш – “Арсенал” ҳам, “Барселона” ҳам сўнгги дақиқаларда берилган пенальти ҳисобига мағлубиятдан қутулиб қолди холос. Ҳар икки жамоа мана шу пенальтиларгача етарлича вазиятлар яратмаётган, мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатаётганди.
Пенальтига сабаб бўлган вазият – Мадуэкега ишлатилган қўполлик кўп мунозараларга сабаб бўлмоқда. Секинлаштирилган кадрларда ҳам ҳимоячининг оёғи Мадуэкега текканини кўриш жуда қийин, баъзилар контакт умуман бўлмаганини айтишмоқда. Аммо вазият VAR орқали текширилганини инобатга олиш керак. Юқорироқ технологиялар орқали шундай қарорга келиндими, демак ростдан ҳам тегиниш бўлган.
Мана шу пенальтидан ташқари, “Арсенал” деярли вазиятлар яратмади. Тимбернинг боши билан берган зарбаси ягона хавфли вазият сифатида қайд этилди холос. Пенальтидан ташқари инглизлар “Байер” дарвозасига бир марта аниқ зарба бера олди холос. Албатта, “Байер”да ҳам хавфли ҳужумлар кўп бўлмади, аммо фаворит “Арсенал” эди ва биз Артета жамоаси иштирок этган ўйинларда мана шундай сценарий бўлса, айбни айнан “Арсенал”дан қидиришга ўрганиб қолганмиз. Зеро бошқача ўйнаш, фаолроқ бўлиш салоҳияти меҳмонларда кўпроқ бўлгани аниқ.
Нима бўлганда ҳам, айни дамда “Арсенал” инглизлар ичида кейинги босқичга чиқиш имконияти энг юқори бўлган жамоа бўлиб қолмоқда. “Эмирейтс” бўлиб ўтадиган жавоб ўйинида ғалаба қозонса, кифоя.
“РЕАЛ МАДРИД” — “МАНЧЕСТЕР СИТИ” — 3:0
“Мен Гвардиоланинг қайси жиҳатини ёқтирмаслигимни айтайми?” – деганди Фабио Капельло, — “Унинг калондимоғлиги. У доим муҳим учрашувларда қандайдир кескин ўзгариш қилади – кейин ўйинни футболчилар эмас, Гвардиола ўз тактикаси билан ютди, дейишлари учун. Айнан шу туфайли у бир неча бор Чемпионлар Лигасини бой берган”
Бу иқтибоснинг кечаги учрашувга қанчалик алоқадор эканини айтиш қийин, зеро ўйиндан кейин Пеп Гвардиола зўр бериб нега айнан мана шундай таркибни танлаганинини тушунтириб бераётганди. Ҳа, ғалаба қозонсанг, ўзингни оқлашни кераги йўқ, журналистлар барча қарорларингга зўр асосларни топиб таҳлил қилиб беради, аммо агар мағлубиятга учрасанг, ҳаммаси саволларга айланади.
Гвардиола илк бор Доку – Савиньо – Семеньо учлигини биргаликда туширгани кўпчилик учун сюрприз бўлди. Бразилиялик вингер охирги юз кунда атиги уч марта асосий таркибда тушганини ва буларнинг иккитаси аҳамиятсиз Лига Кубоги ўйини бўлганини эътиборга олсак, янгилик айнан Мадридда ишлаши мумкинлигига ишонч қаердан келганини тушуниш қийин бўлади. Зеро сўнгги пайтларда “Манчестер Сити” қаерда муваффақият қозонган бўлса, Шерки, Мармуш ёки Фоден асосий ишларни бажарган. Кеча учовлон ҳам, шунингдек охирги ўйинларда жуда ишончли кўринган Аит-Нури ҳам захирада қолди. Унинг ўрнига ярим ҳимояда ўзини яхши кўрсатаётган ЎРайли эгаллади.
Аксинча, “Реал”да ҳаммаси тушунарли эди. Чунки шундоқ ҳам жуда кўп футболчилар жароҳатланган, Арбелоа ўйнаши мумкин бўлган барчани туширишга мажбур эди. Табиийки, шу ўйин учун мураккаб вазифалар ва режалар тайёрлаган Гвардиоладан фарқли равишда Арбелоанинг кўрсатмалари аниқ ва тушунарли эди. Ҳар бир футболчининг устун жиҳатларидан фойдаланиш.
Мавзуни “Манчестер Сити”дан бошлаган бўлсак-да, “Реал”нинг, айниқса, унинг сардори Федерико Вальверденинг аҳамиятини пасайтириш нотўғри бўларди. Диасдан алдамчи ҳужумчи сифатида фойдаланиб, Вальвердега эркинлик бериш ғоясини мураббий ўтган ўйинда “Сельта”га қарши ҳам қўллаган ва уругвайлик футболчи сўнгги дақиқаларда ҳал қилувчи гол муаллифи бўлганди. Арбелоанинг шу жиҳати, яъни кичик тузатишлар ва майда деталлардаги ўзгаришлар ёрдамида таркибдаги муаммоларни ечишда Зиданни эслатиб юбормоқда.
Кечаги перформансни эса Вальверденинг ўзи ҳам кутмаган бўлса керак – фаолиятидаги илк хет-трик. У шу пайтгача Чемпионлар Лигасида 75 бор майдонга тушиб, 3 гол урган экан. Кеча эса шунча гол учун атиги бир тайм кифоя қилди.
Винисиусни тўхтатиш вазифаси билан майдонга туширилган Абдуқодир Ҳусанов эса айтиш мумкинки, қониқарли ўйин намойиш этди. Хатоларга йўл қўймади, бутун ўйин давомида атиги бир маротаба уни алдаб ўтишди холос. Тўп назоратида майдондаги барча футболчилар ичида фақат Родридан камроқ узатмани амалга оширди – ўйин характери, “Реал” голлардан сўнг асосан қуйи блокда ўйнаганини эътиборга олсак, аксарият вазиятларда айнан Ҳусанов тўпни қабул қилиш учун очиқ бўлишини тақозо қиларди. Учинчи гол учун бошланган ҳужумда ва пенальти белгиланган вазиятларда Винисиус айнан Ҳусановни ортда қолдирган бўлса-да, унинг хатолари Диаш ёки Геҳиники каби қўпол эмасди. Абдуқодир “Манчестер Сити” ҳимоячилари ичида энг баланд баҳони олгани ҳам буни тасдиқлайди.
“БУДЁ-ГЛИМТ” — “СПОРТИНГ” — 3:0
“Будё-Глимт”нинг ғалабали серияси олти учрашувга етди ва бу ютуқларнинг бештаси айнан Чемпионлар Лигасига тўғри келади. Норвегия клубининг бу сериясида энг муҳим жиҳат ҳам шу – мамлакат биринчилиги бошқа Европа чемпионатларидан фарқли равишда баҳор-куз тизимида ўтказилади. Бу дегани “Будё” сўнгги уч ойда атиги 7-марта майдонга тушган ва бу ўйинларнинг олтитаси айнан Чемпионлар Лигасига тўғри келади. Бу жамоа мураббийи Киетил Кнуценга ўзига хос устунлик тақдим этади – жамоа бемалол ҳар бир учрашувга пухта тайёрланиши, жисмоний томондан рақибдан устунлик қилиши мумкин.
Албатта, оддий Норвегия клубининг “Манчестер Сити”, “Атлетико”, “Интер”, “Спортинг” каби жамоалар устидан ғалабасини фақат тақвимга боғлаш бир оз адолатдан эмас, зеро бу натижалар замирида мураббий ва футболчиларнинг меҳнати жуда катта. Айниқса, жамоа ўта мослашувчан экани, рақиб ва унинг услубидан келиб чиқиб, турли шартларда ҳам самарали бўла олиши таҳсинга лойиқ. “Манчестер Сити”, “Интер”га қарши ўйинларда жамоа атиги 30-35 фоиз тўпга эгалик қилган ва қарши ҳужумларга урғу берган бўлса, кечаги рақиб даражаси “Будё”га бир оз яқинроқлигидан келиб чиқиб, норвегияликлар ҳам ташаббускор ўйин кўрсатишди.
Охирги 32 ўйинда атиги 2-марта (биттаси “Бавария”дан) ютқазган “Спортинг” устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониш ажойиб натижа. Португалия клубининг охирги марта йирик ҳисобда мағлубиятга учрагани ўтган йилнинг февраль ойига тўғри келади. Ўшанда ҳам жамоа Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичининг дастлабки ўйинини бой берган. Рақиб Дортмунднинг “Боруссия”си эди. Норвегияликлар аввалги босқичда “Интер”га қарши жавоб ўйинида ўз устунлигини қанчалик сақлай олганини эсласак, “Спортинг”га уч гол фарқини йўққа чиқариш жуда қийин бўлади.
Умуман олганда, норвегияликларнинг еврокубоклардаги натижалари ажойиб. Жамоа 2020-йилдан буён еврокубокларда қатнашишни бошлаган бўлса, шу даврда 45 ўйиннинг 34 тасини ўз фойдасига ҳал қила олган. Икки дуранг ва атиги 9 мағлубият. Албатта, аксарият ўйинлар Европа Лигасига тўғри келади, аммо у ерда ҳам кучли лигалар вакиллари бўлишини ҳам тан олиш керак. Жамоа ўтган мавсумда Европа Лигаси ярим финалигача етиб борганди. Бу сафар худди шу натижани Чемпионлар Лигасида кўрсатишдан унчалик узоқ эмас.
“ПСЖ” — “ЧЕЛСИ” – 5:2
Tudor ва Росеньор қачон, қаерда гаплашиб келишиб олишган айтиш қийин-у, ҳар иккисининг муҳим ўйинда негадир дарвозабонни алмаштириш қарорини ўйлаб топгани ва ҳар икки вазият ҳам жамоа учун аянчли тугагани ғалати тасодиф. Роберт Санчес, албатта, мукаммал дарвозабон эмас, унинг ҳам хатолари бўлган, жамоа мухлислари томонидан кўп марта танқидларга ҳам учраган. Аммо айнан Парижда даниялик ёш посбон Филип Йоргенсен яхшироқ бўлиши мумкинлигига асос сифатида мураббий нималарни ўйлаганини топиш имконсиз. “Тоттенҳэм” дарвозабони Кинскидан фарқли равишда Ёргенсен ўз хатоларини ўйин бошида эмас, охирги 15 дақиқада амалга оширди, акс ҳолда балки у ҳам анча эрта алмаштирилармиди? Ўтказиб юборилган 5 голдан фақат биринчисида дарвозабонни айблаш қийин холос. Бир гол Ёргенсеннинг қўпол хатосидан сўнг киритилди, худди шунга ўхшаш хато яна такрорланганди, аммо иккинчисида парижликлар ўйиндан ташқари ҳолатда қолгани туфайли гол инобатга олинмади.
“ПСЖ” ва “Челси”да зарбалар сони бир хил – 9 тадан. xG бўйича, яъни зарбаларнинг хавфлилик даражаси бўйича ўлчасак, устунлик 1.57-0.90 – “Челси” фойдасига. Нормал шартларда бундай ўйин нари борса 1:1 дуранг билан тугайди, ҳатто лондонликлар ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Лекин натижа бутунлай тескари – 5:2.
Лиам Росеньор келганидан буён “Челси” 10 учрашувда ғалаба қозонди, кучли тўртлик учун курашмоқда, ўйин борасида у қадар салбий чизгилар йўқ. Аммо айнан топ-рақибларга қарши ўйинларда муаммо кўзга ташланмоқда. “Арсенал”га қарши уч ўйин ва Париждаги баҳс бой берилди. Энсо Мареска айнан алоҳида ўйинларга самарали режа қура олиши ва муҳим паллада керакли натижага эриша олиши билан эътибор қозонган эди. Айнан “ПСЖ”га қарши клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финали ёрқин мисол. Росенёр эса айнан мана шу жабҳада ҳозирча муваффақиятсизликка учрамоқда. Кечаги мағлубият, айниқса, бундай натижага сабаб бўлган тушунарсиз қарор мураббийга нисбатан босим юзага келтириши шубҳасиз.
Энди “ПСЖ” ҳақида. Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида “Челси”нинг устунлигини таъминлаган асосий нуқта ўнг қанот бўлганди. Марказга ўтиб ҳаракатланадиган Коул Палмер ва Гюстонинг тезкор рейдлари Мендеш учун қийин вазифага айланганди. Меҳмонлар худди шу фишкадан яна фойдаланишга уринишди, аммо Энрике ёздаги хатосини тузатиб қўйганди. Марказий яримҳимоячилардан бири Жоао Невеш тўпсиз ҳолатларда чап қанотга ўтди, Палмерни ёпишни аъло даражада бажара олди. Гюстонинг голи айнан шу қанотдаги позицион хато ёрдамида урилган бўлса-да, бошқа вазиятларда “ПСЖ” анча ишончли кўринди.








