Лондоннинг “Арсенал” клуби ярим ҳимоячи Мартин Субименди билан хайрлашиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар берди.
Манбага кўра, “тўпчилар” таркибига Бруно Гимараэш қўшилганидан сўнг испаниялик 27 ёшли футболчининг асосий таркибдаги ўрни энди кафолатланган ҳисобланмаяпти. Шу сабабли лондонликлар футболчини 90 миллион евро атрофидаги таклиф тушган тақдирда сотишга рози бўлади.
Футболчи билан боғлиқ вазиятдан “Реал Мадрид” клуби фойдаланишни режалаштирмоқда. Испания гранди футболчига бир йил аввал ҳам қизиқиш билдирган эди.
Энди “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Родрини қўлга киритиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланганидан кейин “қаймоқранглилар” Субименди номзодига яна қайтиши мумкин.
Шунингдек, “Челси” ҳам Субимендини диққат билан кузатмоқда. Лондон клуби бош мураббийи Хаби Алонсо “Реал Мадрид” клубида ишлаган вақтда футболчига қизиқиш билдирган эди. Улар аввал “Реал Сосьедад” тизимида бирга фаолият олиб борган.
Маълумот учун, у ўтган мавсум давомида лондонликлар сафида 57 та учрашув ўтказиб, 6 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширди.








