Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШ президенти Дональд Трампнинг “уруш тез орада тугаши” ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
“Уруш қачон тугашини айнан биз ҳал қиламиз. Жанг майдонидаги шартлар ва урушнинг якуни Ислом республикаси қўлида”, дейилади Tasnim агентлиги тарқатган баёнотда.
АҚШ президенти Эронга қарши уруш кутилганидан анча тезроқ якунланиши мумкинлигини айтганди.
“Менимча, уруш деярли тугади. Уларда флот йўқ, алоқа тизимлари йўқ, ҳарбий-ҳаво кучлари йўқ... Уруш жадвалдан анча илгарилаб кетмоқда”, деган у.
Февраль охирида Трамп уруш тўрт-беш ҳафтада тугашини билдирганди. Ўтган ҳафта охирида эса Оқ уй бу муддатни олти ҳафтагача узайтирди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи мамлакати ракета зарбаларини “қанча керак бўлса, шунча давом эттиришини” айтди. У ўз мамлакатига ҳужумлар давом этаётгани, бироқ Эрон уларга тайёрлигини маълум қилди.
“Биз уларга ракеталаримиз билан қанча керак бўлса, шунча ҳужум қилишга тўлиқ тайёрмиз”, деди Ароқчи.
Вазир АҚШ билан янги музокаралар ўтказиш эҳтимолини ҳам истисно қилди. У Теҳрон “америкаликлар билан музокаралардан жуда аччиқ тажриба” олганини, шу сабабли музокаралар Эрон кун тартибида эмаслигини таъкидлади.
АҚШ ва Исроил февраль охирида Эронга ҳаво ҳужумларини бошлади. Авиазарбалар оқибатида олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий ва Эрон раҳбариятининг бошқа аъзолари ҳалок бўлди. Теҳрон бунга жавобан Исроил ҳамда АҚШнинг Форс кўрфазидаги объектларига зарбалар берди. Уруш бошланишидан олдин АҚШ ва Эрон ядровий дастур бўйича билвосита музокаралар олиб борган, бироқ улар муваффақиятсиз якунланган.








