Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида судья 300 доллар пора олаётганида қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Прокуратура органлари ва Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг судьяси 300 доллар пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, мазкур туман судининг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан, 1989 йилда туғилган аёлнинг 2022 йилда туғилган фарзанди вояга етгунига қадар жавобгар ҳисобланган 1983 йилда туғилган фуқародан алимент ундириш белгиланган. Аммо жавобгар томон ушбу қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туман судига ариза билан мурожаат қилган.
Судья эса ўз иш юритувига келиб тушган ушбу аризага асосан, 27 февраль куни суднинг 2022 йилдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни мазмунан қайта кўришни 11 мартга тайинлаган. Шунингдек, у ишни даъвогарнинг фойдасига ижобий ҳал этиб бериш эвазига ундан 300 доллар талаб қилган.
Ҳозирда Бош прокуратура томонидан судьяга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (тамагирлик йўли билан пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу модда билан айбдор деб топилган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Хоразмда тергов судьяси пора билан қўлга тушгани, Термизда ҳуқуқбузарга енгиллик яратиш эвазига 500 минг сўм олган ва қўшимча 800 доллар талаб қилган судья ёрдамчиси пора олаётганда ушлангани ҳам хабар қилинганди.








