Сурхондарё вилоятида Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган мажлисда Термиз—Истанбул, Термиз—Дубай йўналишларида янги рейслар қўйилиши маълум қилинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов хабар қилди.
Йиғилишда Шўрчи, Денов, Сариосиё, Шеробод ва Бойсундан кунига 100 минг одам вилоят марказига енгил машинада келиб-кетаётгани билдирилиб, Сурхондарёга олиб келинаётган 125 та автобусни биринчи навбатда ушбу йўналишларга қўйиш топширилди.
Йил охиригача Музработдаги 56 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етказиб бериш лойиҳаси якунига етказилади. Шунингдек, ушбу туман ва Олтинсой, Ангор, Қизириқ, Бойсун марказларига канализация олиб бориш лойиҳаси бошланади. Сурхондарёда марказлашган ичимлик суви қамрови 67,5 фоизга етган.
Президент Термиз шаҳрида Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳаси натижалари билан танишганди.
Техник жиҳатдан лойиҳанинг катта ютуғи 246 километр магистрал ва ички тармоқнинг барпо этилиши бўлган. Шунингдек, гидравлик ҳисоблар асосида босимни насоссиз узатиш имконияти яратилган.








