Рамазон ҳайити муносабати билан 2026 йил 20 март куни Тошкентда жамоат транспорти одатдагидан бир соат олдин — соат 04:00 дан фаолият бошлайди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур қарор ҳайит намозида иштирок этишни режалаштираётган фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида қабул қилинган. Шу куни автобуслар ва метро поездлари эрта тонгдан йўловчиларга хизмат кўрсатади.
“Тошкент метрополитени” маълумотига кўра, 20 март куни метро поездлари ҳам соат 04:00 дан ҳаракатни бошлайди. Шунингдек, 20—21 март кунлари метро қатнови шанба кунига мўлжалланган жадвал асосида ташкил этилади.
22—23 март кунлари эса метро поездлари якшанба куни учун белгиланган жадвал асосида ҳаракатланади. Йўловчилардан ушбу ўзгаришларни инобатга олган ҳолда ҳаракатни олдиндан режалаштириш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 18 март куни “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолаганди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда 2026 йил 20 март, жума куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади.
Байрам кунларида аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган маданий-маърифий ҳамда хайрия тадбирлари ташкил этилади. Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошлар учун мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни йўлга қўйиш, бунинг учун қулай шароитлар яратиш чораларини кўради.








