“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия клубидаги фаолияти якунига етгач, ўзининг сўнгги ва энг катта мақсадини амалга оширмоқчи. The Touchline нашри тарқатган хабарга кўра, испаниялик мутахассиснинг мураббийлик фаолиятидаги ягона орзуси — Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишдир.
Гвардиола айнан бирорта мамлакат терма жамоасини бошқаришни ният қилмаган. Унинг асосий истаги — халқаро майдонда юқори чўққилар учун кураша оладиган рақобатбардош жамоа билан ишлаш.
Маълумот учун, Гвардиола 2016 йилдан буён “Манчестер Сити”ни бошқариб келмоқда ва жамоа билан 18 та соврин ютишга улгурди. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Испаниялик мураббий ушбу муддат тугагач ёки клуб билан хайрлашгач, ўзини терма жамоада ҳам синаб кўрмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, Пеп Гвардиола “Манчестер Сити”га қадар Каталониянинг “Барселона” ҳамда Германиянинг “Бавария” клубларида ҳам бош мураббий сифатида фаолият олиб борган.








