“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола Карабао кубоги нимчорак финалидан ўрин олган “Суонси Сити”га қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Испаниялик мутахассис таркибидаги янгиликлар ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов сафга қайтганини маълум қилди.
Гвардиола Ҳусанов ўзини яхши ҳис қилаётгани ҳамда “Суонси Сити”га қарши баҳсда майдонга тушиши мумкинлигини айтди:
“Абдуқодир Ҳусанов ўзини яхши ҳис қилаяпти. У эртанги ўйинда бир неча дақиқа ўйнайди”, деди “Манчестер Сити” устози.
Маълумот учун, Ҳусанов сентябрь ойида бўлган “Арсенал”га қарши (1:1) баҳсда жароҳат олган ва ўшандан бери майдонга тушмаяпти. Футболчи охирги 7 та учрашувни ўтказиб юборди. Ҳимоячи машғулотларга қайтгани айтилди, бироқ Англия Премьер Лигаси 9-туридан ўрин олган “Астон Вилла” билан ўйинга ҳам жалб этилмаган эди.
“Манчестер Сити”нинг “Суонси Сити”га қарши ўйини 30 октябрь, пайшанба куни бўлиб ўтади. Учрашув Ўзбекистон вақти билан 00:45 да бошланади.








