“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола Европа Чемпионлар Лигасининг навбатдаги тури доирасидаги “Будё/Глимт”га қарши ўйиндан олдин ўтказилган матбуот анжуманида ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг ўйини ва профессионаллиги ҳақида гапирди.
“Оммавий ахборот воситаларида Ҳусановни қандай мақташаётганини ўқидим. Улар мутлақо ҳақ. Абдуқодир — жуда юқори савиядаги футболчи. Бу гапимга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. Охирги ўйинда ҳам, ундан олдинги баҳсда ҳам Ҳусанов аъло даражада ҳаракат қилди. Биз бундан жуда ҳам мамнунмиз.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ҳусанов ‘Арсенал’га қарши ўйиндан кейин бир ой давомида майдонга тушмади. Аммо унинг машғулотларда ва кийиниш хонасидаги хатти-ҳаракатлари мени ҳайратга солди. Айнан мана шу жиҳатлар Ҳусановнинг қандай футболчи эканини кўрсатади. Менимча, бунга унинг ота-онаси берган тарбияси ҳамда Ўзбекистонда олган сабоқлари сабаб бўлган.
У Франциядаги қисқа фаолиятидан кейин дарҳол ‘Манчестер Сити’га, Англия Премьер Лигасига келди. Бундай кескин ўзгариш осон эмас. Шунга қарамай, у ўрганишдан қочмади ва жамоага тезда мослашди. Унинг жисмоний ҳолати ҳам жуда юқори даражада. Аминманки, кўп йиллар давомида ‘Манчестер Сити’да юқори савиядаги марказий ҳимоячи ўйнайди. У келажакда қандай футболчига айланиши эса фақат ўзига боғлиқ, бошқа ҳеч нарсага эмас”, дейди Гвардиола.
Маълумот учун, “Будё/Глимт” ҳамда “Манчестер Сити” ўртасидаги баҳс 20 январь, сешанба куни бўлиб ўтади. Учрашув Ўзбекистон вақти билан 22:45 да бошланади.








