Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 17 февраль куни Душанбе шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди.
Суҳбат давомида томонлар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатлари мажмуасининг ҳозирги ҳолати ҳамда келажак истиқболлари хусусида фикр алмашди. Уларни янада ривожлантириш ва кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдо ва инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари ижобий суръатда ўсаётгани билан қайд этилди. Раҳмон бу жараённи саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва томонларни қизиқтирган бошқа тармоқларда янада илгари суриш учун катта имкониятлар борлигини кўрсатиб ўтди. Томонлар маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтиришдан ҳам манфаатдор эканини билдирди.
Тожикистон раҳбари 17 февраль куни Душанбе шаҳрида навбатдаги йиғилиши ўтказилган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия самарали ишлаётганини таъкидлади.
Учрашувда икки томонлама кун тартибининг барча йўналишлари бўйича конструктив ва ишончли давлатлараро мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Шу маънода, бўлажак олий даражадаги учрашув ва музокараларга сифатли тайёргарлик кўриш масалалари диққат марказида бўлди. Жорий йилда бу каби давлатлараро тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш жадвали юзасидан фикр алмашилди.








