Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг соғлиғи ёмонлашгани, ҳатто комада экани ҳақида норасмий хабарлар тарқалди. Миш-мишлар ортидан президент 16 февраль куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаевни қабул қилди.
Миш-мишларга Эмомали Раҳмоннинг оммавий тадбирларда кўринмай қолгани сабаб бўлган. Қатор оммавий ахборот воситалари ва Telegram каналлари Тожикистон президенти гўёки хорижда — Европа давлатларидан бирида даволанаётгани ҳақида хабарлар тарқатган. Айрим версияларда микроинсулт ёки микроинфаркт эҳтимоли тилга олинган. Бироқ бу маълумотлар расмий тасдиғини топмади.
15 февраль куни Эмомали Раҳмон Хитой раиси Си Цзиньпинни мамлакат Янги йили билан табриклаб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини таъкидлади. 16 февраль куни эса у Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаев билан учрашув ўтказди. Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Раҳмоннинг соғлиғи билан боғлиқ бундай миш-мишлар илк бор тарқалаётгани йўқ. 2023 йил октябрь ойида ҳам у “Швейцарияда даволанаётгани” ҳақидаги хабарлар фонида бир муддат оммага кўриниш бермаганди. Ўшанда ҳам президентнинг соғлиғи оғир экани ҳақидаги тахминлар илгари сурилган, аммо кейинчалик улар тасдиқланмаган. Эмомали Раҳмон 1952 йил 5 октябрда туғилган. У 1994 йилда Тожикистон президенти лавозимига киришган.








