Daryo

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди

Музокараларда савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва энергетика йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда савдо ҳажмини 2030 йилгача 2 млрд долларга етказиш масалалари муҳокама қилинди.

3 дақиқа ўқиш3 122 кўришлар0 изоҳ1

26 март куни Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон тор доирада музокара ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди.

Давлат раҳбари Тожикистон президентининг ушбу давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат ришталарини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам эканини алоҳида таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини бошлаб бермоқдамиз. Ушбу формат, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради, Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини амалий мазмун ва илғор ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳукуматлар, парламентлар ва идоралар даражасидаги фаол ва яқин алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Ташрифга тайёргарлик доирасида ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, саноат кўргазмаси ва ҳудудлар, ректорлар, олимлар, ёшлар ва таҳлил марказларининг форумлари муваффақиятли ташкил қилинди. Айни пайтда мамлакатимизда Тожикистон маданияти ва киноси кунлари ўтказилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш йўлларини таҳлил қилдилар ҳамда ўзаро манфаатли Ўзбекистон—Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга катта суръат бағишлайдиган бир қатор муҳим қарорларни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, сув ва энергетика хавфсизлигини кучайтириш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми, энг аввало, тайёр маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳисобига қарийб 1 миллиард долларга етди. Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика ва бошқа кўплаб соҳаларда қатор кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугунги кунда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиарейслар, автобус ва поезд қатновлари йўлга қўйилган. Юк ташиш ҳажми жадал ўсиб бормоқда. 2030-йилга келиб, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.

“Ойбек—Фотиҳобод” чегараолди савдо марказини барпо этишни тезлаштириш, маҳсулотларни сертификатлаш ва “E-Permit” рухсатномаларни алмашиш рақамли тизимларини йўлга қўйиш, чегара назорат пунктларини модернизация қилиш бўйича эришилган келишувлар бу маррага етишга хизмат қилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, тоғ-кон, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат, қурилиш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган алоҳида Саноат кооперацияси дастури қабул қилинмоқда.

Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция компаниясининг капиталини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, бугун икки мамлакат ҳудудида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга старт берилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Энергетика, сув ресурсларини бошқариш, транспорт ва бошқа кўплаб соҳалардаги шериклик атрофлича кўриб чиқилиб, ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Етакчилар ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш, гуманитар, таълим ва илмий алмашинувларни рағбатлантиришга келишиб олди. Йирик диаспоралар мавжудлигини ҳисобга олиб, маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича беш йиллик чора-тадбирлар режасини қабул қилиш таклиф қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди. Марказий Осиёда кўп томонлама тузилмалар ва минтақавий форматлар доирасида яқин мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари — икки мамлакат бош вазирларининг ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди. Якунда эришилган келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш учун кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 26 март куни Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Уни Тошкент-Ҳумо халқаро аэропортида давлати раҳбари кутиб олди. Шундан сўнг Эмомали Раҳмон Кўксарой қароргоҳида тантанали қарши олинди.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар