Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналар йилига 5 миллиард куб метр газ ва 20 миллиард киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилаётгани маълум қилинди.
Эндиликда кичик ва ўрта корхоналарда ҳам энергия самарадорлик бўйича янгича тизим бўлади ва уч йиллик дастур ишлаб чиқилади. Ҳар бир тумандаги энергия сарфи энг юқори 5 тадан корхонада энергия аудити ўтказилади, ушбу корхоналарда энергия тежамкор чораларни амалга ошириш учун 100 миллион доллар арзон ресурс жалб қилинади.
Мутасаддилар ва ҳокимлар 2026-йилда кичик ва ўрта корхоналарда 100 миллион куб метр газ ва 500 миллион киловатт-соат электрни тежаш чораларини кўриши муҳимлиги қайд этилди. Яна бир масала — республикадаги 917 мингта ёритиш чироқлари йилига 330 миллион киловатт-соат электр сарфлаяпти. Чироқ кундузи ҳам ёниқ турган ҳолатлар кам эмас.
Ёритиш устунларига кичик қуёш панели, батарея, кун ёришишига қараб, ўзи ўчиб-ёнадиган датчик ўрнатишни бошлаш топширилди. Ўтган йили халқаро молия институтлари иштирокидаги 2,5 миллиард долларлик шартномаларда маҳаллий компанияларнинг улуши бор-йўғи 15 фоизни ташкил қилган.
Давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган бўлса, Олмалиқ комбинати, “Ўзтрансгаз”, “Миллий электр тармоқлари”, Uzbekistan Airports ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да 40 фоизга ҳам етмайди.
Тадбиркорлар “давлат хариди, экспертиза, сертификат олишда бюрократия кўп, идорама-идора юриш керак” деб айтаётгани, айрим вазирлар ва тармоқ раҳбарлари “чет элники сифатлироқ” деган эскича фикрда юриб, маҳаллий тадбиркорларга йўл бермаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бу тизимни тубдан ислоҳ қилиш, маҳаллий корхоналарни халқаро молия институтлари лойиҳалари ва давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилди.
Энди вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳар бир лойиҳадаги музокара, тендер, қурилиш, хом ашё топишни барча босқичида маҳаллий улушни кўпайтиришга шахсан жавоб бериши қайд этилди.








