Хитойда электр узатиш линияларини текшириш учун робот илонлардан фойдаланиш бошланди. Улар симлар бўйлаб ҳаракатланиб, аварияларга олиб келиши мумкин бўлган шикастланишлар ва қизиб кетиш ҳолатларини аниқлайди. Бу ҳақда Interesting Engineering нашри хабар бермоқда.
Роботлардан Юннан провинциясининг пойтахти Кунмин шаҳрида фойдаланилмоқда. Улар симларга ўралиб, камералар ва датчиклар ёрдамида узилган симларни, эскирган қисмларни ва ҳароратдаги ғайриоддий ўзгаришларни қидиради. Ишлаб чиқувчиларнинг маълумотига кўра, роботлар шу кунгача 130 километрдан ортиқ электр узатиш линияларини кўздан кечирган.
Ушбу тизим Гуанду тумани электр таъминоти бюроси томонидан яратилган. Бюро вакилларининг таъкидлашича, роботлар ёрдамидаги текширувлар самарадорлиги анъанавий қўл меҳнати усулларига қараганда уч баравар юқоридир.
Электр тармоқларини текшириш учун тез-тез ишлатиладиган дронлардан фарқли ўлароқ, робот илонлар тўғридан тўғри кабеллар бўйлаб ҳаракатланади. Бу эса дронлар парвози тақиқланган жойларда, хусусан, аэропортлар яқинида ишлаш имконини беради. Шунингдек, бундай роботлар юқори кучланишли линиялардан тарқаладиган, дронларни бошқариш ва тасвир сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган электромагнит тўсиқларга чидамлироқдир.
Янги тизим дронларнинг бошқа камчиликларини, жумладан, об-ҳавога боғлиқлиги ва аккумуляторининг ишлаш вақти чеклангани каби муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради. Яқин масофадан узлуксиз мониторинг олиб бориш туфайли энергетиклар юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезроқ аниқлаб, уларни бартараф эта оладилар.
Хитой энергетика компаниялари инфратузилмани назорат қилиш учун нафақат робот илонлардан, балки робот итлар, дронлар ва стационар кузатув камераларидан ҳам фойдаланади.
Робот илон бир нечта қисмлардан иборат эгилувчан корпусга эга бўлиб, бу унга симлар бўйлаб ҳаракатланиш ва тўсиқларни, хусусан, изоляторларни айланиб ўтиш имконини беради. Шу туфайли у одамлар ёки дронлар текшириши қийин бўлган ҳудудларга ҳам етиб бора олади. Носозликлар ва эҳтимолий хавфларни аниқлаш учун роботнинг бош қисмида камера ва датчиклар ўрнатилган.
Робот қувватни ўзи текшираётган электр узатиш линияларидан тўғридан тўғри, контактсиз усулда олади.
Электр узатишнинг бир нечта йўналишларидаги муваффақиятли синовлардан сўнг, компаниялар роботлардан тармоқнинг янада мураккаб қисмларида ҳам фойдаланишни кенгайтирди. Шунингдек, робот итлар ҳам юқори кучланишли зоналарда ва ходимлар учун хавфли бўлган бошқа жойларда текширувларга жалб этилмоқда.








