Ўзбекистонда 2026 йил 20 январь куни олтин қуймалар нархи ошди. Марказий банк маълумотларига кўра, бир грамм олтин нархи 1 848 800 сўмни ташкил этди.
Олтин қуймалар нархи қуйидагича белгиланди:
- 5 грамм — 9 млн 244 минг сўм;
- 10 грамм — 18 млн 488 минг сўм;
- 20 грамм — 36 млн 975 минг сўм;
- 50 грамм — 92 млн 439 минг сўм;
- 100 грамм — 184 млн 877 минг сўм.
2026 йил 12 январь куни 5 граммли олтин қуйма нархи биринчи марта 9 миллион сўмдан ошганди. 13 январь куни олтин қуймалар нархи яна 2,3 фоизга ошиб, 5 граммлиси 9 миллион 215 минг сўм бўлганди. 14 январда олтин қуйма нархи яна кўтарилиб, 5 граммли қуйма 9 миллион 262 минг сўмни ташкил этганди.
Ўзбекистон Марказий банки 5 январдан олтин қуймаларини қайтариб сотиб олиш нархларини эълон қилишни бошлади. Уни қайтариб олиш нархлари эса қадоғи бутлиги ёки бузилганига (техник талабларга мос келмайдиган ҳолатда бўлганига) кўра фарқланади.
Халқаро қимматбаҳо металлар бозори конюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан нархлар кун давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Жаҳон бозорида ҳам олтин нархи кўтарилди. 20 январда Comex биржасида қимматбаҳо металл нархида 2,32 фоиз ўсиш қайд этилди — қимматбаҳо металл нархи бир троя унсияси учун 4 700 доллардан ошди. Экспертлар нархининг бундай суръатлар билан ўсишига глобал иқтисодий ҳолат ва геосиёсий вазиятнинг кескинлашувини сабаб қилиб кўрсатди.








