2026-йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларига Гаити, Эрон, Кот-д’Ивуар ва Сенегал терма жамоалари мухлислари киритилмаслиги мумкин. Бунга сабаб — АҚШнинг ушбу давлатлар фуқаролари учун амалда бўлган кириш чекловлари. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар берди.
Манбага кўра, ҳозирча истиснолар фақат футболчилар, мураббийлар ва расмий делегациялар аъзолари учун амал қилмоқда. Оддий мухлислар эса виза олиш борасида жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин.
Аввалроқ FIFA президенти Жанни Инфантино АҚШ Давлат департаменти билан ҳамкорликда FIFA Pass тизими ишга туширилганини маълум қилган эди. Ушбу механизм Жаҳон чемпионати учрашувларига боришни режалаштирган мухлислар учун виза расмийлаштириш жараёнини тезлаштиришга қаратилган.
Бироқ Fox News’нинг қайд этишича, Гаити, Эрон, Кот-д’Ивуар ва Сенегал мухлислари ҳамда уларнинг миллий футбол федерациялари бу тизим амалда самара бермаслигидан хавотирда. Сабаби, мазкур терма жамоалар гуруҳ босқичи учрашувларини айнан АҚШ шаҳарларида ўтказади ва мавжуд чекловлар фонида мухлислар визасиз қолиб кетиши эҳтимоли юқори.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилги Жаҳон чемпионати 48 та терма жамоа иштирок этади. Мусобақа 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Ҳозирги вақтда АҚШ ҳудудига 39 га яқин давлат фуқаролари учун тўлиқ ёки қисман кириш чекловлари амал қилмоқда.








