Жаҳон чемпионати мезбонларидан бири — Мексика Эрон терма жамоасининг барча ўйинларини ўз майдонларида қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда мамлакат президенти Клаудия Шейнбаум расман баёнот берган.
“Ҳозирда бу масала FIFA билан муҳокама қилинмоқда. Агар техник жиҳатдан иложи бўлса, нима учун улар АҚШга бориши керак? Мексика барча ўйинларни ўзида қабул қилишга тайёр ва биз учун ҳеч қандай ноқулайлик йўқ”, деди Шейнбаум.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёт бошлагани сабабли, Эрон термасининг АҚШ ҳудудига бориши (гуруҳ ўйинлари ўша ерда режалаштирилган эди) хавфсизлик ва сиёсий нуқтайи назардан деярли имконсиз бўлиб қолган. Аввалроқ Эрон спорт вазири жамоа турнирда қатнашмаслигини айтган бўлса-да, Осиё Футбол Конфедерацияси ҳали расмий воз кечиш хати олмаганини билдирди.
Маълумот учун, Эрон “Б” гуруҳидан жой олган бўлиб, Бельгия, Миср ва Янги Зеландия билан куч синашади. Агарда FIFA Мексика таклифини қабул қилса, Эроннинг ўйинлари АҚШдан Мексикага кўчирилиши мумкин.








