Самарқанд шаҳридаги Регистон ансамбли, Бибихоним ва Шоҳи Зинда мажмуалари ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонаси 6,6 километрли ягона сайёҳлик йўналиши билан ўзаро боғланади.
Президентга 15 январь куни тақдим этилган лойиҳага кўра, шаҳарда “Самарқанд мероси йўлаги” лойиҳаси иш бошламоқда. У бир нечта тарихий обидаларни бирлаштириб турувчи йўлак вазифасини ўтайди.
Самарқандда янги “Ипак йўли” музейини қуриш лойиҳаси тақдим этилди. Умумий майдони 19,5 минг квадрат метрни ташкил этадиган уч қаватли замонавий бино қурилиб, унда инклюзив муҳит, кўргазма заллари, экспонатларни сақлаш фондлари, шунингдек, таълим олишга мўлжалланган ҳудудларни яратиш кўзда тутилган.
Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудида ландшафт дизайнини янгилаш режалаштирмоқда. Янги музей биноси, иммерсив кўргазма заллари, ташриф буюрувчилар учун марказ барпо этилади. Пиёда йўлаклари ободонлаштирилиб, археологик объектлар ягона музей муҳитига уйғунлаштирилади.
Ушбу тақдимотда президент Бухоро шаҳрининг бош режаси билан ҳам танишди. Унда қулай шаҳар муҳитини шакллантириш, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, конгресс-холл, амфитеатр, кутубхона кабиларни ўз ичига оладиган кўп функцияли мажмуа сифатида тарихий-этнографик боғ барпо этиш назарда тутилган.
Шунингдек, йиғилишда 2025 йилда сайёҳлар сони 11 миллиондан ошиб, туристик хизматлар экспорти 4,8 миллиард долларга етгани, шунингдек, визасиз тартиб жорий этилган давлатларнинг сони 94 тага кўпайгани қайд этилди.








