Daryo

Самарқандда туризм хизматлари экспорти 600 млн долларга етди

Туризм ва унга турдош соҳаларга 1 млрд доллар инвестиция киритилгани учун вилоятга сайёҳлар оқими 2016 йилгидан 7 карра ўсди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтаётган Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида айтилди.

1 дақиқа ўқиш1 676 кўришлар0 изоҳ1

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.

“Ўзида кўп минг йиллик тарих ва қадриятларни мужассам этган, замонавий меъморчилик анъаналари асосида кундан-кунга чирой очиб бораётган бу улуғ замин дунё цивилизациясида ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда”, деди президент.

Хусусан, “Боқий шаҳар” мажмуаси барпо этилгани, 40 дан зиёд муқаддас зиёратгоҳлар обод бўлгани, “Самарқанд” халқаро аэропорти янгидан қурилгани, ўнлаб халқаро бренд меҳмонхоналар иш бошлагани вилоят туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқди.

Самарқанд сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий, туризм ва бизнес марказига, кўплаб йирик халқаро тадбирлар, форум ва анжуманлар учун мулоқот майдонига айланди. Шу йилни ўзида бу ерда 40 дан ортиқ нуфузли халқаро анжуман ташкил этилгани, айниқса, яқинда UNESCO Бош конференцияси 43-сессияси ўтказилгани улкан воқеа бўлди.

Умуман, туризм ва унга турдош соҳаларга 1 миллиард доллар инвестиция киритилгани учун вилоятга сайёҳлар оқими 2016 йилгидан 7 карра ўсди, туризм хизматлари экспорти 600 миллион долларга етди.

Имом Бухорий мақбараси ҳудуди 45 гектаргача кенгайтирилиб, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей барпо этилди, атрофида ўнлаб меҳмонхона ва меҳмон уйлари қурилмоқда. Агар Индонезия, Малайзиядан илғор туристик компаниялар олиб келиниб, меҳмонхоналар бошқарувга берилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилса, туристлар оқими янада кескин кўпайиши таъкидланди.

Бугун вилоят нафақат туризмдаги, балки саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишдаги улкан салоҳияти билан инвестор ва тадбиркорлар учун чинакам жозибадор масканга айланиб бормоқда.

“Энди Самарқанд — ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, инвестиция, экспорт, умуман барча соҳада методик вилоят бўлиши керак.

Бунинг учун туман ҳокимлари ўз ҳудудининг хусусиятидан келиб чиқиб, бор штатларини таҳлил қилиб, самарасизини қисқартириб, хориждан замонавий менежерлар, мутахассислар олиб келиб, янгича ишлашга ўтиши зарур”, деди давлат раҳбари.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар