2025 йилнинг 28 декабрь куни Эронда бошланган намойишлар кун сайин кучайиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, бир неча кун ичида амалга оширилган қирғин оқибатида камида 12 минг киши ҳалок бўлган. АҚШ маъмурияти эса Эронда намойишларнинг шафқатсизларча бостирилиши сабабли Теҳронга қарши бир неча вариантларни кўриб чиқмоқда. Ҳатто, АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Виткофф Эроннинг сўнгги шоҳининг тўнғич ўғли ва Эрон мухолифати етакчиси Ризо Паҳлавий билан яширинча учрашгани айтилмоқда.
“Дарё” сиёсатшунос Равшан Ғозиев билан Эрондаги намойишлар тўлқини қайси ҳудудларда кенг ёйилгани, ташқи аралашув омили, Эрондаги нотинчликларнинг қўшни минтақалар, жумладан Ўзбекистонга таъсири ҳақида суҳбатлашди.
Намойишларнинг бошланиши
Эрондаги намойишлар 2025 йилнинг 28 декабрь куни биринчи навбатда пойтахт Теҳран шаҳридаги Grand Bazaar (буюк бозор) ва бошқа савдо марказлари – масалан, Аlaeddin Shopping Cеntrе ва Charsou Mall’да сотувчилар дўконларини ёпиб, иқтисодий шароит ва валюта курсининг кескин пасайишига қарши норозилик белгиси сифатида бошланди. Кейинчалик намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, бир неча кун ичида амалга оширилган қирғин оқибатида камида 12 минг киши ҳалок бўлган. Бироқ қурбон бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас.
Сиёсатшунос Равшан Ғозиев Эронда савдогарлар (тужжорлар) ҳар доим сиёсий жараёнларда муҳим рол ўйнаб келгани, бу сафарги намойишлар Эрон Ислом республикасининг таянчи ҳисобланган Қум ва Машҳад шаҳарларида ҳам кучли кечгани айтиб ўтди.
“Эрондаги намойишлар 28 декабрь куни Теҳрондаги машҳур Grand бозорда савдогарларнинг нарх-навонинг кескин ошиши, инфляция ва миллий валюта қадрсизланишига қарши чиқиши билан бошланди. Кейинчалик бу норозиликлар Исфаҳон, Керманшоҳ, Машҳад, Табриз, Аҳваз, Шероз, Ҳамадон каби шаҳарлар орқали бутун мамлакатга ёйилди. Дастлаб кичик ва ўрта шаҳарларда бошланган ҳаракатлар тез орада йирик марказларни ҳам қамраб олди.Бу кўтарилишларни фақат иқтисодий омиллар билан изоҳлаш етарли эмас. Норозиликлар фонида ижтимоий ва экологик муаммолар — сувсизлик, ишсизлик, Хузистон, Урмия ва Керманшоҳ каби ҳудудлардаги оғир яшаш шароитлари ҳам муҳим рол ўйнади.Эътиборлиси шундаки, намойишлар тарихан режим таянчи ҳисобланган Қум ва Машҳад шаҳарларида ҳам кучли кечди. Бу ҳолат Эрон Ислом Республикасининг асосий таянч нуқталарида ҳам жиддий норозилик пайдо бўлганини кўрсатмоқда. Таққослаш учун, 1979-йилги инқилоб ҳам айнан Теҳрон бозорларидан бошланган эди. Эронда савдогарлар (тужжорлар) ҳар доим сиёсий жараёнларда муҳим рол ўйнаб келган”, дейди у.
Эронда 30 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Мамлакат аҳолисининг 75 фоиздан ортиғини эроний тиллар оиласига мансуб, эроний халқлар ташкил этади. Эрон аҳолисининг 65 фоиздан кўпроғини форслар, тахминан 15 фоизини озарбайжонлар, 10 фоизини курдлар, 6 фоизини лурлар, 2 фоизини араблар, 2 фоизини туркманлар ташкил этади. Қолган 3 фоиз эса бошқа миллат ва элатларга тўғри келади.
Эрондаги намойишлар фонида айрим экспертлар мамлакат кейинчалик бир нечта қисмларга бўлиниб кетиши мумкин эканлигини айтишмоқда.
Равшан Ғозиев Эрон тарихида этник масала доим долзарб бўлганини эсга олди.
“Эрон 90–95 миллион аҳолига эга ва этник жиҳатдан жуда ранг-баранг давлат. Мамлакатда озарбайжонликлар (жанубий озарлар), курдлар, араблар (Хузистон ҳудудида), лурийлар, бахтиёрийлар, қашқайилар, белужилар, туркманлар ҳамда Каспийбўйи халқлари яшайди. Туркий халқлар сони 30 миллион атрофида деб баҳоланади, курдлар эса 5–10 миллион оралиғида.Эрон тарихида этник масала доим долзарб бўлган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Жанубий Озарбайжон ва Курдистонда қисқа муддатли мустақил тузилмалар пайдо бўлган. Хузистон араблари эса нефть-газга бой ҳудудда яшаганига қарамай, иқтисодий, ижтимоий ва экологик муаммолар сабаб доимий норозилик билдириб келади. Бу ҳудуд айнан Ироқ–Эрон урушининг марказида бўлган.Белужилар ва курдлар масаласи ҳам мураккаб: улар асосан суннийлар бўлиб, диний ва этник норозиликлар кўп кузатилади. Курд ҳудудларида “ПЖАК” каби қуролли гуруҳлар фаолияти бўлган, тоғли рельеф эса марказий ҳокимият назоратини қийинлаштиради. Шу боис бу ҳудудлар Теҳрон учун энг муаммоли минтақалардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, сиёсатшунос Эронда этник бўлиниш юз бериши эҳтимоли ҳозирча юқори эмаслигини қўшимча қилди.
“Озарбайжонликлар эса нисбатан қулай шароитга эга. Табриз — Теҳрондан кейин энг саноатлашган ҳудудлардан бири бўлиб, Туркия ва Озарбайжон билан савдо алоқалари кучли. Шу сабабли бу минтақада иқтисодий норозилик бошқа ҳудудларга нисбатан камроқ.Шунга қарамай, Эронда этник бўлиниш юз бериши эҳтимоли ҳозирча юқори эмас. Сабаби — турли этник гуруҳлар мавжуд бўлса-да, уларни бирлаштириб турувчи кучли форсий давлатчилик анъанаси, умумий цивилизация қараши ва шиа дини омили мавжуд. Айнан шу омиллар Эронни ҳозирча этник парчаланишдан ушлаб турибди”, деди у.

Эрондаги вазиятнинг Марказий Осиёга таъсири
Эрон — Марказий Осиё учун муҳим иқтисодий йўлаклардан биридир. Жумладан, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар Эрон орқали Жанубий транспорт ва транзит йўлларини ривожлантирмоқда.
Бироқ Эрондаги оммавий беқарорлик ҳолатлари транспорт ва логистика йўлларига тўсқинлик қилиши мумкин. Олдинги таҳлиллар шуни кўрсатдики, минтақавий давлатлар, жумладан Ўзбекистон, Эрон орқали юк ташишда юзага келадиган хавф ва тўсқинликни олдини олиш учун муқобил йўлларни изламоқда. Бу транспорт харажатларини 20–30 фоизга ошириши мумкинлиги қайд этилган.
Транспорт йўлакларининг узилиши нафақат товар импорт ва экспортига таъсир қилади, балки Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё ва Ҳинд океанига экспорт йўлларини стратегик диверсификация қилиш режаларига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
“Эрондаги ҳозирги инқироз Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун логистик хавфларни оширмоқда. Минтақа давлатлари Эрон орқали ҳам қуруқлик, ҳам денгиз йўллари билан савдо олиб боради. Қуруқлик орқали Туркия ва бошқа йўналишлар, Ашхобод ва Туркманистон орқали темир йўл ёки автомобиль йўллари ишлатилади. Денгиз йўлларида эса юкларнинг катта қисми Чобоҳор ва Бандар Аббос портлари орқали киради. Намойишлар ва уларнинг салбий оқибатлари туфайли юклар вақтида етказилмаслиги мумкин.Шу сабабли минтақа бошқа альтернатив йўлларни — хусусан, “Ўрта коридор”ни ривожлантиришга ундамоқда. Ўзбекистон ҳозирда бошқа альтернатив йўлларни ҳам ривожлантирмоқда, масалан, Афғонистон-Покистон орқали Карачига чиқиш йўли. Аммо Афғонистондаги вазият ва қурилиш харажатлари бу йўлнинг тез ишлашига тўсқинлик қилмоқда. Шу сабабли ҳозирги асосий йўл Чобоҳор ва Бандар Аббос портлари бўлиб қолмоқда, у орқали Ўзбекистоннинг асосий юклари (олдин Россия орқали ҳам) ўтади. Украина-Россия можаро сабабли шимолий йўллар ёпилганидан кейин бу йўл ягона муҳим муқобил ҳисобланади”, дейди Равшан Ғозиев.
Сиёсатшуноснинг фикрича, Эрондаги ҳозирги вазият нафақат денгиз ва қуруқлик, балки ҳаво йўлларида ҳам айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
“Ҳозирги вазият нафақат денгиз ва қуруқлик, балки ҳаво йўлларини ҳам қийинлаштирди. Масалан, Исроил билан бўлган 12 кунлик уруш даврида Ўзбекистон фуқаролари Дубай, Абу Даби ва бошқа Араб давлатларига учолмай қолди, чунки учиш йўллари Эрон ҳудуди орқали ўтади ва хавфсизлик таҳдиди мавжуд. Натижада улар узоқроқ йўллар орқали, Афғонистон ва Покистон ёки Туркия орқали боришга мажбур бўлган. Бу кўряпмизки, қисқа йўлни узоқлаштиришига сабаб бўлади”, деди мутахассис.
- Маълумот ўрнида, Эрон ҳаво ҳудуди ёпилгани сабабли 15 январь куни Ўзбекистондан учган ва Ўзбекистонга учаётган бир қатор авиарейслар жўнаш аэропортларига қайтарилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ҳукумати намойишларга куч ишлатилса, ҳарбий аралашув эҳтимолини инкор этмаган эди. Айрим экспертлар Исроил АҚШни Эронга қарши ҳарбий операцияга ундаётганини айтмоқда.
Шу билан бирга, АҚШ Эрон билан зиддият фонида Қатардаги авиабазани ишга туширди. Ўз навбатида, Теҳрон Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларини агар америкаликлар Эронга ҳужум қилса, уларнинг ҳудудидаги АҚШ базаларига зарба беришидан огоҳлантирди.
Сиёсатшунос Равшан Ғозиев АҚШ ҳозирда Эронга тўғридан тўғри урушдан кўра, сиёсий босим ва ички норозиликни қўллаб-қувватлаш йўлини танлаётганини айтди.
“АҚШ учун Эронга қарши тўғридан тўғри ҳарбий операция жуда хавфли ва мураккаб қарор. Эрон кичик давлат эмас ва ташқи ҳужум эҳтимоли ички норозиликни бирданига миллий бирликка айлантириб юбориши мумкин. Буни Исроил билан бўлган 12 кунлик урушда ҳам кўрдик: ташқи таҳдид пайтида жамият бирлашиб кетади. Бу АҚШ учун катта сиёсий риск.Иккинчи хавф — Эроннинг жавоб зарбаси. Теҳрон очиқ айтган: агар ҳужум бўлса, АҚШнинг Яқин Шарқдаги базалари ва нефть инфратузилмаси нишонга олинади. АҚШнинг Қатар, Қувайт, Ироқ, Саудия Арабистони ва айниқса Ал-Удейд (Қатар) базалари хавф остида қолади. Шу боис Қатар ҳозир воситачилик ролини ўйнамоқда.Энг хавфли нуқта — Ҳормуз бўғози. Агар у ёпилса ёки зарба остида қолса, жаҳон нефть таъминотининг катта қисми издан чиқади. Бу нафақат глобал нефть инқирози, балки АҚШнинг ўз компаниялари учун ҳам жиддий зарба бўлади. Шу сабаб АҚШ эҳтимол тўғридан тўғри урушдан кўра, сиёсий босим ва ички норозиликни қўллаб-қувватлаш йўлини танламоқда”, дейди у.
Шунингдек, сиёсатшунос Исроил Эронда ҳокимиятни ўзгартиришни исташини ва Ризо Паҳлавийни мақбул вариант сифатида кўраётганини қўшимча қилди.
“Исроил, албатта, режим алмашувини хоҳлайди ва Паҳлавийни мақбул вариант сифатида кўради. Эрон жамиятида ҳам шоҳ даврини соғинадиган қатлам бор. Аммо АҚШ бу вариантга эҳтиёткорона ёндашмоқда. Агар Вашингтон буни реал ечим деб билганида, аллақачон очиқ қўллаб-қувватлаган бўларди. Ҳозирча АҚШ позицияси шундай: режим ўзгариши бўлса, у асосан эронликларнинг ўз ички ҳаракати натижаси бўлиши керак.Шу билан бирга, ҳозирги вазият олдинги норозиликлардан анча хавфли. Европа етакчилари ҳам очиқча шубҳа билдира бошлади, дипломатлар чақириб олинмоқда, АҚШ фуқароларига мамлакатни тарк этиш тавсия қилинди. Бу ташқи дунё ҳам Эрон режимининг келажагини савол остига қўя бошлаганини кўрсатади. Хулоса шуки, яқин кунлар ва ҳафталар Эрон учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин”, деб хулоса қилди мутахассис.
Сардор Али тайёрлади








