АҚШ ва Исроил томонидан Эрон ҳудудига берилган ҳаво зарбалари ортидан ушбу мамлакатда тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар хавфсизлик нуқтайи назаридан Эронни вақтинча тарк этмоқда. Бу маълумотни “Дарё”нинг Ўзбекистон футбол ассоциациясидаги манбаси тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, Эрон клублари шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир неча аъзоси нотинч вазият сабабли хавфсиз ҳудудларга йўл олган:
- Рустам Ашурматов (“Истиқлол”) — айни дамда Дубайда бўлиб турибди.
- Одил Ҳамробеков (“Тракторсози”) — Тошкентга қайтишга улгурди.
- Жалолиддин Машарипов (“Истиқлол”) — жароҳатидан тикланиш жараёнини ўташ учун Италияга йўл олган.
- Игор Сергеев (“Персеполис”) — 28 февраль куни Эрон чегарасидан ўтиш учун йўлга чиққан.
- Остон Ўрунов (“Персеполис”) — айни дақиқаларда Эрон чегараси орқали Туркия давлатига ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 09:30 атрофида Теҳрон ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари (Исфаҳон, Қум, Кереж ва Кирмоншоҳ) ракета ҳужумига учради. Ҳозирда Эрон ҳаво ҳудуди парвозлар учун тўлиқ ёпилган.
Қизил ярим ой жамиятининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳужумлар оқибатида мамлакатнинг 24 та вилоятида жами 201 киши ҳалок бўлган, 747 киши эса турли даражада жароҳат олган. Айниқса, Эрон жанубидаги Миноб шаҳрида жойлашган қизлар мактабига берилган зарба оқибатида 150 га яқин киши қурбон бўлгани хабар қилинмоқда.








