Қўшма Штатлар ва Исроилнинг Эронга ҳужуми глобал майдонда уруш ўчоқларини яна биттага кўпайтирди. Аммо бу сафар можаро фақат икки давлат чегаралари билан чекланиб қолмади. Теҳрон агрессияга жавобан нафақат яҳудий давлати, балки минтақадаги АҚШ базаларини, яъни америкалик ҳарбийларга ўз ҳудудидан жой берган араб давлатларини нишонга олди. Шу боис бутун Яқин Шарқнинг тинчи бузилди. Қолаверса, можаро бошидан нейтрал позицияни эгаллаган Туркия ва ўз ҳудудидан АҚШ базаси учун жой ажратмаган Озарбайжон ҳам нишонга олинди. Шунингдек, айрим тармоқларда Туркманистонга номаълум дрон қулагани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлди.
Аслини олганда, минтақада беқарорликни келтириб чиқарган Қўшма Штатларсиз Яқин Шарқ хавфсизлик архитектурасини тасаввур қилиб бўлмайди. У минтақа давлатлари, айниқса, араб монархиялари учун узоқ йиллардан бери асосий хавфсизлик кафолати ҳисобланади. АҚШ минтақа бўйлаб 20 дан ортиқ ҳарбий базалар ва оператив объектларга эга. Улар Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Кувайт, Баҳрайн, Ироқ каби 10 га яқин давлатларда жойлашган. Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқдаги базаларида тахминан 50 минг америкалик хизмат қилади.
АҚШ базаларига зарбалар
Эрон шу кунга қадар АҚШ базаларига прокси гуруҳлар қўли билан кўп бор ҳужум қилган. Икки марта уларни ўз ҳудудидан бевосита нишонга олишга мажбур бўлган. Биринчи сафар америкаликлар машҳур генерал Қосим Сулаймонийни ўлдириб, кейинроқ эса Эрон ядровий объектларига зарба бериб, Теҳронда жавоб қайтаришдан бошқа чора қолдирмаган. Аммо ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳужумлар рамзий аҳамиятга эга бўлган. Яъни эронликлар Вашингтонни олдиндан огоҳлантириб, базада эвакуация ишлари олиб борилиши учун вақт берган. Бироқ Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилгандан сўнг эскалациядан қўрқишга, соддароқ айтганда, можаро жиддийлашишидан хавотирланишга асос қолмади. Чунки энди мамлакатда йўқотадиган нарса йўқ.
Шу боис Эрон Қўшма Штатларнинг минтақадаги ҳарбий базалари, бошқарув марказларига дронлар, қанотли ва баллистик ракеталар билан зарба берди. Аммо Эрон бу билан чекланмай, нефть ва газ инфратузилмасига, ҳатто фуқаролик объектларига ҳужум қилди. Кузатувчиларга кўра, Теҳрон бу орқали глобал энергетика бозорида инқироз келтириб чиқаришни мақсад қилган. Боиси бундай шароитда можаро нафақат уришаётган томонлар, балки Европа Иттифоқи, Хитой, шунингдек, Қўшма Штатларнинг ўзида ҳам ёнилғи нархларининг кўтарилишига сабаб бўлади. Кўрфаз давлатларини эса мўмай даромаддан маҳрум қилади. Чунки қора олтиннинг 30 фоизи, зангори оловнинг эса 20 фоизини улар етказиб беради. Таъкидлаш жоиз, Эрон президенти қўшни мамлакатлардан расман узр сўраб, уларга қарши зарба бермасликка қарор қилинганини таъкидлади. Аммо унинг баёнотидан кейин ҳам баъзи араб давлатларига Shahed дронлари келиб тушди.
Бироқ Теҳрон Туркия ва Озарбайжон ҳудудига ҳужумларда ўзининг қўли борлигини инкор қилди. Форс расмийлари фақат ҳарбий объектлар нишонга олинаётганини айтиб, фуқаролик инфратузилмасига зарбаларда Исроилнинг, аниқроқ айтганда, Эрон ичида фаолият юритаётган Моссад жосусларининг қўли борлигини иддао қилди. Уларнинг фикрича, яҳудий давлати бу орқали араб давлатларини ҳам урушга тортишни кўзлаган.
Middle East Eye нашри билан суҳбатлашган икки нафар эронлик мулозимга кўра, хавфсизлик кучлари Моссад томонидан дронларни сақлаш учун фойдаланиладиган омборларни қидириш билан шуғулланмоқда. Бошқа бир манбанинг таъкидлашича, Теҳрон Ар-Риёд билан дипломатик каналлар орқали боғланиб, Saudi Aramco компаниясининг Рас-Танура объектига берилган зарба учун жавобгар эмаслигини маълум қилган. Мазкур объект қиролликнинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи ва асосий нефть экспорт терминали ҳисобланади.
Туркистонга хавф борми?
11 сентябрь воқеаларидан сўнг Марказий Осиёнинг Вашингтон наздидаги аҳамияти кескин ортди. Боиси Қўшма Штатлар Афғонистонга қарши ҳарбий ҳаракатлар учун таянч нуқтасига муҳтож эди. Географик жойлашув боис, айниқса, Ўзбекистон бу борада муҳим рол ўйнарди. Шу боис АҚШ ҳарбийлари ўша йил кузидан Қарши—Хонобод, бошқача айтганда К2 авиабазасидан фойдалана бошлади. Америкаликлар учун мазкур объект асосан “ҳаво кўприги” сифатида керак эди. Яъни база Афғонистонга қўшин, ёнилғи ва бошқа юкларни ташишда қўлланган.
Ўзбекистон келишувга биноан, ўз ҳудудидан Афғонистонга қарши қуруқлик операциялари ёки ҳужум миссияларида фойдаланишга рухсат бермаган. Шу боис К-2 авиабазасида асосан
C-130 Hercules, C-17 Globemaster III
каби транспорт самолётлари, шунингдек, қидирув-қутқарув мақсадлари учун вертолётлар жойлаштирилган. Умумлаштириб айтганда, у АҚШ кучлари учун логистика тугуни вазифасини бажарган. “Толибон” ихтиёрида ракета ё самолётлар йўқлиги боис объектда ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекслари бўлмаган. 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг америкаликлардан базани тарк этиш сўралган.
Қўшма Штатларнинг минтақадаги энг йирик ва энг узоқ фаолият кўрсатган авиабазаси Манас ҳисобланади. У Бишкекнинг худди шу номдаги халқаро аэропортида жойлашган бўлиб, 2001 йил 16 декабрдан 2014 йил 3 июнгача НАТО контингенти учун хизмат қилган. Манас К-2 авиабазасидан кўра кенгроқ спектордаги вазифаларни бажарган. У логистика миссиялари билан бир қаторда, жанговар амалиётларда ҳам қўлланган. 2002 йили базага Франциянинг Mirage 2000 қирувчилари ҳамда КC-135 ҳавода ёнилғи қуйиш танкерлари жойлаштирилган. Бундан ташқари, Қўшма Штатларнинг F-15E ва F/А-18 самолётлари ҳам мазкур аэродромдан фойдаланган.
Лекин вақт ўтиши билан Манаснинг жанговар миссиялардаги аҳамияти пасайиб, ёнилғи қуйиш ва юкларни ташиш тугунига айланди. 2014 йилга келиб Россия босими ва ички омиллар сабаб база ёпилди. Пентагон, бундан ташқари, минтақанинг қолган давлатлари билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Аммо уларда АҚШ базалари бўлмаган. Томонлар шунчаки транзит, фавқулодда қўниш каби ҳолатларни назарда тутиб шартномалар имзолашган. Фақат Туркманистон нейтрал сиёсати боис америкаликларга ўз ҳудудида фойдаланиш учун рухсат бермаган.
Энди шунчаки мулоҳаза қилиб кўрайлик. Минтақа давлатлари АҚШ ҳарбий базаларини ҳанузгача сақлаб қолганда, бунинг оқибати қандай бўларди? Қўшма Штатлар Эронга қарши ҳужумларда улардан фойдаланармиди? Ва энг муҳими, Марказий Осиё ҳам худди Кўрфаз давлатлари каби ўз ҳудудидан америкалик ҳарбийларга жой бергани боис ҳужумга учраши эҳтимоли бормиди? Бу ҳақида нимадир дейиш қийин. Аммо баъзи фаразларни илгари суриш мумкин.
Биринчидан, Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият тубдан фарқ қилади. Форс кўрфазида АҚШ ва Исроил доминант куч бўлса, бизнинг минтақада Россия ва Хитойнинг таъсири бор. Шу боис Пентагон Марказий Осиёга ракета тизимлари, қирувчи самолётлар, айниқса стратегик бомбардимончиларни жойлаштира олмасди. Чунки бу Пекин ва Москванинг кескин қаршилигига учрарди. Иккинчидан, минтақа пойтахтлари Эрон билан қалин муносабатларга эга. Шу боис улар азалий қўшнимизга қарши ҳарбий кампанияда бевосита ҳам, билвосита ҳам иштирок этишга рози бўлмасди.
Яъни Ўзбекистон ва Қирғизистон катта эҳтимол билан Туркия ҳамда Испания каби иш тутиб, АҚШ ҳарбийларига ўз ҳудудидан фойдаланишни тақиқларди. Шунга қарамай, бу минтақани Эрон ҳужумидан бутунлай хавфсиз маконга айлантириб қўймасди. Боиси эронликлар минтақанинг АҚШга тегишли исталган объектига зарба беряпти. Уларни қуруқлик ё ҳаво базасига ажратиб ўтиргани йўқ. Ҳатто Қўшма Штатларнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ҳам нишонга олинди. Дарвоқе, Теҳрон ўзининг бу ҳужумга алоқадорлигини рад этиб чиқди. Аммо барибир баёнот далил ўрнида ўтмайди.








