Эрон бугун ҳам Европа ва Осиёни боғловчи муҳим чорраҳа бўлиб қолмоқда. Географияни ўзгартириб бўлмайди: санкцияларга қарамай, Эроннинг стратегик жойлашуви уни минтақавий ва глобал транспорт тизимида марказий бўғинга айлантириб турибди. Мамлакат шарқ-ғарб ва шимол-жануб йўналишларидаги асосий континентал коридорлар кесишган ҳудудда жойлашган.
“Дарё” сиёсий таҳлилчи Наргиза Умарова билан Эроннинг стратегик жойлашуви ва Теҳроннинг логистик марказ сифатида Марказий Осиё учун аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.
— Эроннинг Европа ва Осиёни боғлашдаги стратегик ўрни қандай?
Наргиза Умарова, сиёсий таҳлилчи:
— Эрон Ислом Республикаси тарихан Буюк ипак йўли давридан бери чорраҳада жойлашган ҳудуд бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам у энг қулай географик жойлашувга эга мамлакатлардан бири сифатида шарқ ва ғарбни, шимол ва жанубни боғловчи муҳим бўғин вазифасини бажармоқда. Эронга нисбатан жиддий халқаро санкциялар мавжуд бўлишига қарамай, географияни ўзгартириб бўлмайди. Шу боис географик нуқтайи назардан Эроннинг аҳамияти ҳануз беқиёс бўлиб қолмоқда.
Агар континентал, яъни қуруқликдан ўтадиган йўлакларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда иккита асосий йўналиш мавжуд: шарқ-ғарб ва шимол-жануб коридорлари. Айнан мана шу икки йирик йўналиш чорраҳасида Эрон жойлашган. Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳам транспорт-логистика ҳаби ҳисобланади.
Эроннинг ўзига хослиги шундаки, у бир вақтнинг ўзида бир нечта минтақа билан чегарадош. Энг муҳим устунликларидан бири — Ҳинд океанига чиқиш имкониятига эга порт инфратузилмасидир. Хусусан, Чобаҳор порти Ҳиндистон кўмагида ривожлантирилмоқда ва у Ҳормуз бўғозидан ўтмасдан тўғридан-тўғри океанга чиқиш имконини беради. Бундан ташқари, Бандар-Аббос порти жанубдаги энг йирик ва стратегик порт саналади. Шимолда эса Каспий денгизи бўйидаги Анзали порти шимол-жануб йўналишидаги ташувларда муҳим рол ўйнайди.
— Ўзбекистон учун Эроннинг аҳамияти нимада?
— Ўзбекистон нуқтайи назаридан қаралганда, 2018-йилдан бошлаб Эрон билан сиёсий ва айниқса иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг сабаби шундаки, Ўзбекистон транспорт стратегиясида устувор йўналишлардан бири — жанубий транзит йўлаги ҳисобланади. Бу ерда Эрон ва Афғонистон орқали ўтувчи маршрутлар муҳим аҳамият касб этади. Эрон Афғонистонга нисбатан барқарорроқ ва ривожланган транспорт инфратузилмасига эга давлат сифатида ажралиб туради.
Ўзбекистон чорраҳада жойлашган мамлакат сифатида Шарқий Осиё, айниқса, Хитой билан Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо оқимларида фаол иштирок этишга интилмоқда. Хитой бугунги кунда глобал экспорт маркази бўлиб, Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо айланмаси 800 миллиард доллардан ошган. Денгиз йўлларида юзага келаётган геосиёсий хавфлар фонида Хитой қуруқлик йўлакларига тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Шу нуқтайи назардан, 2023-йилда қабул қилинган транспорт-логистика концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон 2030-йилгача ҳудудидан ўтадиган транзит юклар ҳажмини икки баробарга оширишни мақсад қилган. Бунга эришиш учун эса янги ва рақобатбардош йўлаклар зарур. Ана шундай йўналишлардан бири — Марказий Осиё орқали Эрон томон йўналтирилган шарқ-ғарб коридорининг жанубий тармоғидир. Бу жараёнда Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон иштирок этади. Туркманистон эса Марказий Осиёда Эрон билан қуруқлик орқали бевосита чегарадош ягона давлат ҳисобланади.
— Сиз Ғарб ва Хитой ўртасидаги кескинликни тилга олдингиз. Ўрта коридордаги Зангезур йўлагининг бир қисми АҚШ компаниялари бошқарувига ўтгани Хитойнинг Эронга бўлган қизиқишини кучайтиряптими?
— Менинг назаримда, бу жараёнлар Хитойнинг позициясини янада кучайтиряпти. Хитой аллақачон “Бир макон — бир йўл” глобал лойиҳаси орқали дунёни транспорт-логистика коридорлари билан боғлаш стратегиясини юритмоқда. Ушбу концепцияга кўра, Хитой нафақат экспорт қилувчи давлат, балки ушбу коридорларнинг яратилиши, молиялаштирилиши ва бошқарувида ҳам бевосита иштирок этиши керак.
Бугунги кунда Зангезур (ёки “Трамп коридори”) Жанубий Кавказда геосиёсий манфаатлар тўқнашган ҳудудга айланган. Бу 43 километрлик йўлак Озарбайжоннинг асосий ҳудудини Нахчивон билан боғлаш учун зарур. Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувлардан сўнг, ушбу коридорнинг Арманистон ҳудудидаги қисми АҚШ компаниялари томонидан узоқ муддатга ижарага олиниши ва бошқарилиши масаласи кун тартибига чиқди. Яъни ҳудуд Арманистонга тегишли бўлиб қолади, бироқ инфратузилма ва бошқарув АҚШ назоратида бўлиши мумкин.
Бу ҳолат Хитой учун хавф туғдиради. Чунки АҚШ назоратидаги бўғин орқали Хитой юкларига нисбатан босим ёки чеклов механизмлари қўлланиш эҳтимоли бор. Шу сабабли Хитой Ўрта йўлак билан бирга жанубий йўлакни ҳам жадаллик билан ривожлантиришга киришди.
Жанубий йўлакнинг фаоллашуви 2021-йилда Хитой ва Эрон ўртасида имзоланган 25 йиллик стратегик келишувдан сўнг тезлашди. Ушбу келишув доирасида Хитой Эроннинг транспорт-логистика соҳасига катта инвестициялар киритмоқда. Жумладан, Туркманистон–Эрон йўналишидаги Сарахс орқали ўтувчи темир йўлларни модернизация қилиш, электрлаштириш ва икки изли қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон учун ҳам муҳим.
Эрон орқали юклар Туркияга чиқади, аммо ҳозирча Ван кўли орқали кечув сабабли бу йўналиш тўлиқ мономодал эмас. Шу муаммони бартараф этиш учун Эрон ва Туркия Маранд–Чашма Сурайё темир йўлини қуриш бўйича келишувга эришди. Ушбу лойиҳа амалга ошса, Жанубий йўлак узлуксиз темир йўл коридорига айланади.
Туркия фақат ўрта йўлакка эмас, балки унга туташадиган барча коридорларга бирдек қизиқмоқда. Мақсад — Туркияни йирик транзит марказга айлантириш. Хулоса қилиб айтганда, Хитой денгиз йўлларидаги хавфлар ортиб бораётгани сабаб қуруқликдаги коридорларни фаол ривожлантирмоқда. Жанубий йўлак ана шундай муҳим альтернатив йўналишлардан бири бўлиб, у нафақат Хитой, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам стратегик аҳамиятга эга.
— Ҳозир Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида жанубга чиқиш йўллари Ўзбекистон учун қандай аҳамиятга эга?
— Аввало шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон учун узоқ истиқболга мўлжалланган иккита йирик ва стратегик транспорт лойиҳаси мавжуд. Биринчиси — Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли. Ташқи томондан у уч давлатни боғловчи коридор сифатида кўринади, аммо аслида унинг асосий вазифаси Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини кенгайтиришдир.
Мазкур темир йўл келажакда Эрон ва Афғонистон орқали ўтадиган жанубий коридорларнинг муҳим таркибий қисмига айланиши керак. Ўзбекистон Туркманистон билан темир йўл орқали боғланган, Туркманистон эса Эрон билан темир йўл инфратузилмасини фаол модернизация қилмоқда. Бу шуни англатадики, жанубга йўналтирилган юк оқими келажакда янада ортади ва бу йўналишда ўтказувчанликни ошириш стратегик заруратга айланмоқда.
Назарий жиҳатдан Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли Каспий денгизи орқали Жанубий Кавказга ҳам чиқиши мумкин. Бироқ Ўзбекистон учун устувор йўналиш айнан Эрон томони ҳисобланади. Чунки Транскаспий (Ўрта йўлак)да Қозоғистоннинг географик ва инфратузилмавий устунликлари анча юқори. Қозоғистон ҳудуди текис, маршрутлари бир нечта, Қирғизистон орқали ўтадиган темир йўл эса тоғли ҳудуддан ўтади ва ўтказувчанлиги нисбатан паст бўлади.
Шу боис Ўзбекистон ўзининг асосий ставкасини жанубий транзит йўналишларига қаратмоқда. Бу ерда иккинчи муҳим стратегик лойиҳа — Трансафғон темир йўлидир. Ҳозирча бу лойиҳа мавжуд эмас, бироқ Ўзбекистон уни илгари сурган ва минтақавий кун тартибига олиб чиққан асосий ташаббускор давлатлардан биридир. Ушбу темир йўл барпо этилса, Ўзбекистон Афғонистон орқали Покистон портларига чиқиш имконига эга бўлади ва глобал савдо тизимига янада чуқурроқ интеграциялашади.
Хулоса қилиб айтганда, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли Ўзбекистон учун мустақил лойиҳа эмас, балки жанубга йўналтирилган йирик транзит стратегиянинг муҳим бўғинидир. Шу сабабли жанубий коридорлар мамлакат транспорт сиёсатининг марказида турибди.
— Эрон атрофидаги кескин геосиёсий вазият, жумладан АҚШ флотининг минтақага юборилгани ва эҳтимолий зарбалар ҳақидаги хабарлар, Эрон орқали ўтадиган логистика йўлларига қандай таъсир кўрсатади?
Албатта, бундай вазиятлар жиддий таъсир кўрсатади. Ҳар қандай геосиёсий силкиниш мамлакатнинг транзит салоҳиятини вақтинча пасайтиради. Аммо бу таъсир, одатда, қисқа муддатли бўлади. Масалан, ўтган йили юз берган 12 кунлик уруш ва Бандар-Аббос портидаги портлашлардан сўнг Эрон орқали юк ташиш имкониятлари вақтинча чекланганди. Ўша пайтда Ўзбекистон раҳбарияти зудлик билан йиғилиш ўтказиб, риск остидаги маршрутлар бўйича юкларни альтернатив йўналишларга ўтказиш чораларини кўрди.
Бандар-Аббос Эрон юк айланмасининг 80–90 фоизини қабул қилувчи асосий порт ҳисобланади. Шу сабабли унинг фаолиятидаги узилишлар минтақа давлатлари учун катта харажатларни келтириб чиқаради. Ўзбекистон учун бундай вазиятда транспорт харажатлари 30 фоизгача ошиши мумкин. Бу эса Эрон орқали ўтадиган логистика йўлларининг қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон учун Эроннинг аҳамияти фақат портларга чиқиш билан чекланмайди. Асосий стратегик устуворлик — Эрон орқали шарқ–ғарб йўналишидаги Жанубий коридорни ривожлантиришдир. Портлар эса қўшимча имконият сифатида қаралади. Чунки Ўзбекистон Россия, Хитой ва истиқболда Покистон портларига чиқиш вариантларига ҳам эга.
Кўпинча кескин вазиятларда “Эрон ёки Афғонистондан воз кечиш керак” деган фикрлар пайдо бўлади. Аммо бу реал эмас. Ўзбекистон бу йўналишлардан воз кеча олмайди, чунки улар мамлакатнинг узоқ муддатли транзит стратегиясининг асосини ташкил этади. Шу сабабли қисқа муддатли хавфлар пайтида фақат ситуатив чоралар кўрилади, бироқ стратегия ўзгармайди.
Буни амалий жараёнлар ҳам тасдиқлаяпти. 2025 йил май ойида Теҳронда Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия темир йўл идоралари раҳбарлари Жанубий коридорни ривожлантириш бўйича учрашув ўтказди. Август ойида эса Пекинда навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Яъни ҳатто кескинликдан кейин ҳам ишлар тўхтамади, аксинча жадаллашди.
Хулоса шуки, Эрон билан ҳамкорлик юзаки эмас, балки чуқур стратегик характерга эга. Транспорт коридорлари узоқ йиллик лойиҳалар бўлгани учун, уларни вақтинчалик геосиёсий силкинишлар сабаб тўхтатиш ёки бекор қилиш режалаштирилмайди.
Суҳбатнинг тўлиқ версиясини “Дарё”нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.








