Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс бегона қизнинг телефонини тортиб олгани ҳақидаги хабар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ маълумот берди.
Унда айтилишича, 21 декабрь куни тахминан соат 21:20 да 2004-йилда туғилган С.Қ. Миробод тумани Амир Темур кўчасидаги ерости йўлидан ўтаётган вақтида номаълум шахс 500 АҚШ долларига тенг бўлган телефонини куч билан тортиб олиб, воқеа жойидан яширинган.
Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида номаълум шахснинг шахси аниқланиб, у 1999-йилда туғилган, муқаддам судланган (Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик билан) Мадумаров Отабек экани маълум бўлди ва тезкор қидирув хизмати томонидан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. О.Мадумаровга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ушбу шахсдан жабр кўрган фуқаролар Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-42-54 рақамига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилиши сўралди.
Бундан аввал Ўзбекистонда содир этилган бир неча жиноятлар учун қидирувда бўлган “Гряз” лақабли жиноий уюшма етакчиси Туркияда ушлангани ҳақида хабар берилганди.








