Тошкент вилояти Тошкент туманидаги чегара божхона пости яқинида Қозоғистон фуқаросини дўппослаб, 300 млн сўмини тортиб олган тўрт кишига суд ҳукми ўқилди. “Дарё” суд ҳужжати билан танишди.
Ҳодиса 2025 йил 10 октябрь соат 23:30 атрофида Тошкент туманида жойлашган “Навоий” чегара божхона пости яқинида содир бўлган.
Аниқланишича, Қозоғистон фуқароси Т.Д. Ўзбекистондан Қозоғистонга нақд пул олиб ўтиб, уни эгаларига етказиб бериш билан шуғулланган. Унинг бу ишда уч-тўрт нафар шериги бўлган. Чегарадан бир киши фақат 100 млн сўмгача пул олиб ўтиши мумкинлиги сабаб катта маблағ шериклари ўртасида бўлиб олинган.
2025 йил 9 октябрь куни унга таниши Л.Э. қўнғироқ қилиб, Ўзбекистондан пул олиб келишда ёрдам сўраган. Таклифга рози бўлган Т.Д. соат 19:00 атрофида “Қоплонбек” чегара божхона пости орқали Ўзбекистонга ўтган. Уни пост яқинидаги шериги ҳамда У. исмли шахс Gentra’да кутиб олган. Эркак машинада кетаётганда тўртта полиэтилен пакетга жойланган 400 миллион сўм пулларни олган.
Т.Д. пакетларни кўтариб, чегара пости томон пиёда кетаётганида ортидан икки киши эргашаётганини пайқаган. У шерикларига қўнғироқ қилишга уринган, бироқ Ўзбекистон ҳудудида Қозоғистон мобил алоқа тармоғи ишламагани сабабли улар билан боғлана олмаган.
“Тахминан 200 метр юрганимдан сўнг йўлнинг қоронғи қисмига етиб келдим. Кутилмаганда кимдир юзимга кетма-кет зарба берди, яна бир киши эса орқамдан урди. Шунда қўлимдаги пакетлар ерга тушиб, пуллар сочилиб кетди”, дея кўрсатув берган жабрланувчи.
Ҳужум қилган шахслар учта пакетдаги жами 300 млн сўмни олиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Т.Д. эса қолган битта пакет билан чегара постига етиб борган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Тергов жараёнида аниқланишича, ҳужум тасодифан содир этилмаган. Бир маҳаллада яшовчи А.М., Ш.Ж., Ф.С. ва Н.С.лар чегара пости олдида Қозоғистонга катта миқдорда пул олиб ўтадиган фуқаролар ҳақида аввалдан билган ва уларни босқинчилик йўли билан тунашни режалаштирган. Режага кўра, А.М. ҳамда Ш.Ж. атрофни кузатиб туриши, Ф.С. ва Н.С. эса фуқароларга ҳужум қилиши келишилган.
Бироқ воқеа чегара пости яқинидаги логистика марказига ўрнатилган кузатув камераларига тушиб қолган. Тасвирларда Т.Д. автомобилдан тушгач, унинг ортидан Spark келиб тўхтагани, машинадан бир киши тушгани ва яна бир эркак дарахт ортидан чиқиб, унга ташлангани акс этган. Автомобилнинг давлат рақами орқали гумонланувчилар аниқланган.
Тинтув вақтида Ш.Ж.нинг яшаш хонадонидаги ҳожатхона томидан 211,5 млн сўм топилган.
“Аввал унинг таклифига рози бўлмадим. Кейин моддий томондан қийналиб турганим сабабли рози бўлдим. Жабрланувчини мен урмаганман, уни ‘Нурик’ урган. Мен ерга сочилган пулларни йиғиб олганман”, дейди судда Ф.С.
А.М., Ш.Ж. ва Н.С. эса судда айбига иқрор бўлмаган. Ш.Ж.нинг айтишича, А.М. унга 22 та тахламдаги пулни “мижозимники” деб вақтинча сақлаш учун қолдирган. У пулларни қаердан олинганини билмаганини айтган.
“Пулларни уйга олиб кириб, оила аъзоларим нотўғри тушунмаслиги учун ҳожатхона томига яшириб қўйдим. Уларнинг ичидан бир сўм ҳам олмаганман”, дея кўрсатув берган Ш.Ж.
А.М. эса пулларни унга Ф.С. олиб келгани ва “ўзимники” деб айтганини маълум қилган. Н.С. ҳам жабрланувчига ҳужум қилмаганини билдириб, терговда босим остида кўрсатма берганини даъво қилган.
Судда жабрланувчи етказилган зарар тўлиқ қопланганини маълум қилиб, судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди ҳукми билан Ф.С., А. М., Ш.Ж. ва Н.С. Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми (босқинчилик) “а” банди билан айбли деб топилган. Уларга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, ҳар бирига саккиз йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Навоий вилояти Кармана туманида хонадонга бостириб кириб, қизга пичоқ тираган ва унинг қўл-оёқларини боғлаб, қимматбаҳо буюмларни олиб кетган хавфли рецидивист 15 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.








