Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 10 нафар чет эл фуқаросига нисбатан очилган маъмурий ишни ёпди-ёпди қилиш учун пора таклиф қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда “Постда” газетасида маълум қилинди.
Фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси муҳим топшириқлар бўлими инспектори, маёр Умидбек Юсупов ёнига қурилиш билан шуғулланувчи фуқаро М.Т. келиб, 10 нафар хорижлик ишчи маъмурий жавобгарликка тортилаётганини айтади.
У маёр Юсуповга ушбу ишни ҳаракатдан тўхтатиб бериш эвазига 18 миллион сўм пора таклиф қилди. Ходим ноқонуний таклифни рад этди. Фуқаро айнан пора узатмоқчи бўлган пайтда қўлга олинди, ҳолат расмийлаштирилди, дейилади хабарда.
Пора таклиф қилиш билан боғлиқ яна бир ҳолат Хоразм вилоятида қайд этилди. ЙПХ батальони II сафарбар гуруҳи инспектори, сафдор Сарварбек Сотлиқов Lacetti автомашинасини тўхтатади. Ҳужжатларни текшириш давомида ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланади.
Ҳайдовчи эса бунинг оқибатида уч йилгача автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши ва БҲМнинг 40 баравари миқдорида (16 млн 480 минг сўм) жарима тўлашидан хавотирланиб, ЙПХ ходимига 10 млн сўм пора таклиф қилади. Бироқ пора бераётган пайтда ҳайдовчининг ўзи қўлга олинди.








