Тошкент вилояти Тошкент туманида харидорларга гиёҳвандлик моддаларини 13 ёшли жияни орқали етказиб бераётган аёл ва унинг шериклари қўлга олинди. Бу ҳақда “Дарё”га Тошкент вилоят ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ИИББ ва ДХХ вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғонадан пойтахтга катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини етказиб, уларни сотиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.
Жумладан, Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1985-йилда туғилган аёл назоратдаги харидорга келишилган кучли таъсир қилувчи дори воситасини 750 минг сўмга 13 ёшли қиз жияни орқали етказиб берган вақтида қўлга олинди. Тадбир давомида унинг уйидан қиймати 20 миллион сўмлик 162 дона кучли таъсир қилувчи дорилар топилиб, далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу аёлни дорилар билан таъминлаб келган Тошкент шаҳрида яшовчи икки шахс ҳам 23 миллион сўм эвазига 278 дона шу турдаги дориларни сотган вақтида қўлга олинган. Улар автомашинаси ва яшаш хонадонида 67 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилган.
“Жиноят занжири”ни тўлиқ узиш мақсадида тезкор тадбир Фарғона вилоятида давом эттирилиб, данғаралик 39 ёшли аёл ҳамда қўқонлик 35–39 ёшли икки эркак 738 дона кучли таъсир қилувчи дориларни 44 миллион сўм эвазига шартли харидорга сотган вақтида қўлга олинган.
Ўтказилган мазкур тезкор-қидирув тадбири натижасида умумий қиймати 150 миллион сўмлик 1 343 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси мусодара қилинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 6 нафар гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2025-йилнинг ўтган даврида наркожиноят содир этгани ортидан 8433 киши ушлангани хабар қилинганди.
Андижонда 5 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дорилар ноқонуний айланмасининг олди олинди.
Тошкент шаҳрида 85 минг дозага тенг синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатмоқчи бўлган жиноий гуруҳ аниқланди.








