Тошкент шаҳри ва вилоятида жами қиймати 500 миллион сўмни ташкил этувчи ноқонуний дорилар айланмаси тўхтатилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Божхона, хавфсизлик ва ички ишлар ходимлари томонидан пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида олдиндан кузатувга олинган автомобил тўхтатилган. Текширув жараёнида фуқаро сумкасидан хорижда ишлаб чиқарилган, ҳужжатсиз ва сифати кафолатланмаган икки номдаги 60 дона дори воситалари борлиги аниқланган.
Қидирув ишлари давом эттирилиб, гумонланувчининг ижарада яшаб келаётган хонадони кўздан кечирилган. Натижада уйда чет элнинг ҳужжатларсиз 24 номдаги жами 1 211 дона дорилари борлиги маълум бўлган.
Ўз навбатида гумонланувчининг фарзандига тегишли Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги хонадон ҳам кўздан кечирилган. У ерда хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган уч номдаги жами 9 590 дона дорилар топилган
“Шу тариқа ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 29 номдаги 10 861 дона дори воситалари ноқонуний муомаладан олиб қўйилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу дори воситаларининг умумий қиймати 500 миллион сўмни ташкил этди. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Тезкор тадбирлар давомида Тошкент вилоятида яна бир шунга ўхшаш ҳолат аниқланган. Навоий чегара божхона пости орқали Ўзбекистонга пиёда кириб келган фуқаро божхона ходимлари томонидан тўхтатилиб, кўрикдан ўтказилган. Фуқаронинг оёқ қисмларига олдиндан хуфиёна жойлаштириб, божхона назоратидан яширилган 80 та қутидаги дори воситалари борлиги аниқланган. Дорилар тахминий қиймати 20 миллион сўмни ташкил этади. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманганда 577 млн сўмлик ҳужжатсиз ва сифати кафолатланмаган дори воситалари аниқланганди.








