Ўзбекистоннинг Бангладеш халқ республикасидаги элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Сардор Рустамбоев ушбу мамлакат президенти Муҳаммад Шаҳобуддинга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Муҳаммад Шаҳобуддин Ўзбекистонни Бангладешнинг Марказий Осиёдаги асосий минтақавий шериги ва ишончли дўсти деб атади. Сўнгги йилларда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ва изчил ташаббуслар туфайли мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижи юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда Бангладеш ҳукуматининг мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратаётгани билдирилди. Тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати каби соҳаларда шериклик учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Бангладеш томони ушбу йўналишларда тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди. Маданий-гуманитар, хусусан, туризм ва олий таълим соҳаларидаги шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 15 октябрда ўрнатилган.
Сардор Рустамбоев ҳақида
Дипломат 46 ёшда. Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат шарқшунослик университети, Лондон университетининг (Буюк Британия) Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган. Сиёсий фанлар номзоди илмий даражасига эга.
Ташқи ишлар вазирлиги тизимида 2000-йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. У марказий аппаратда атташедан тортиб бўлим бошлиғигача бўлган турли лавозимларда фаолият юритган. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (Пекин шаҳри, Хитой) котибиятида ишлаган.
2024 йил январь ойида Деҳлига келган эди. У Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси ҳисобланади. 2025-йилнинг июнида эса бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Малдивдаги биринчи элчиси этиб тайинланди. Унинг қароргоҳи ҳам Деҳлида жойлашган. Бунгача у Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги дипломатик миссиясига ҳам раҳбарлик қилган.








