Daryo

Ўзбекистоннинг Суриядаги элчиси тайинланди

Бу лавозимни мамлакатнинг Кувайт ва Ироқдаги элчиси бўлган Аюбхон Юнусов эгаллади.

1 дақиқа ўқиш2 870 кўришлар0 изоҳ0

Аюбхон Юнусов Ўзбекистоннинг Суриядаги элчиси (қароргоҳи Ал-Кувайтда) этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, у мамлакат ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан аш-Шайбонига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Учрашув давомида Сурия вазири Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият қаратишини алоҳида таъкидлади. Сўнгги пайтларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар фаоллашгани қайд этилди, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди. Томонлар икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашди.

Хусусан, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон­—Сурия ҳукуматлараро қўмитасини тузиш, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини шакллантириш ҳамда бошқа қўшма тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Сурия томони икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада фаоллаштиришга тайёрлигини маълум қилар экан, Ўзбекистон томонидан ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича илгари сурилаётган таклиф ва ташаббусларни кўриб чиқиш ҳамда уларнинг амалга ошишига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон—Сурия муносабатларини сиёсий мулоқот, олий ва юқори даражадаги ўзаро ташрифлар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик сингари йўналишларда ҳамда ўзаро манфаатли бўлган бошқа соҳаларда янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Аюбхон Юнусов 2024 йил 6 февраль куни Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси лавозимида ишлаб келмоқда. У 2025 йил 10 октябрдан буён мамлакатнинг Ироқдаги элчиси ҳам ҳисобланади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар