Ўзбекистонда 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига республика бўйича жами кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар сони 25 558 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
13 ноябрь — Бутунжаҳон кўзи ожизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни. Ҳар йили 13 ноябрь куни дунё миқёсида кўзи ожиз инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги кўришида нуқсони бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мустақил яшаши, таълим олиши, меҳнат фаолиятида иштирок этиши ва ижтимоий ҳаётга тўлақонли қўшилишини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, 340 та ижтимоий, аҳолига хизмат кўрсатиш ва тижорат объектларида тўсиқсиз муҳит яратилиб, тактил қопламалар ўрнатилди. Барча ҳудудларда 18 та гавжум чорраҳаларда ҳамда қўшимча 753 та светофорлар овозли сигнал қурилмалари билан жиҳозланди.
Республика бўйлаб кўзи ожиз ва заиф кўрувчи 3 171 ўқувчилар 17 та махсус мактабда таҳсил олмоқда. 2025-йилнинг ўтган 10 ойи давомида кўз бўйича жами 7 756 нафар муҳтож шахслар қуйидаги реабилитация восилалари билан имтиёзли таъминланган:
- кўз олмаси протези (115 та);
- кўзи ожизлар ҳассаси (4 835 та);
- брайл алифбоси (101 та);
- брайл алифбоси учун ёзув мосламаси (111 та);
- овозли тонометр (3 588 та);
- овозли термометр (3 243 та);
- овозли глюкометр (162 та).
Шунингдек, кўз бўйича ногиронлиги бўлган 13472 нафар фуқаро адаптив спортнинг шахмат, шашка, голбол, 5х5 футбол ва бошқа спорт турлари бн шуғулланиб келмоқда.
Ўзбекистонда 2025-йилнинг 6 ойида 34,7 минг нафар шахс соғломлаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 125,7 фоизга кўпдир (2024-йилда 27,6 минг нафар).
27,7 минг нафар фуқаро йўлланма асосида, яна 7 минг нафари эса пулли асосда санаторий хизматларидан фойдаланган. Йўлланма асосида соғломлаштирилганлар сони 2024-йилга нисбатан 138,3 фоизга ошган.
Соғломлаштирилган фуқаролар таркибига асосан эса уларнинг 17,3 минг нафари (62,6 фоиз) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, 9,1 минг нафари (33,1 фоиз) ёшга доир пенсия олувчилар, 642 нафари (2,3 фоиз) ёлғиз кекса ва ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, 561 нафари (2 фоиз) бошқа тоифадаги фуқароларни ташкил этди.








